ЕИ Қорабоғдаги жанжал бўйича тилга кирди
Олам
−
20 Сентябрь 2023
5150Европа Иттифоқи Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилгани ҳақидаги хабарларни эътиборга олди ва вазият ривожини диққат билан кузатиб бормоқда. Бу ҳақда Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Европа Иттифоқи Ташқи ишлар хизмати вакили Петер Стано маълум қилди.
“Биз ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини эътиборга олдик. Озарбайжоннинг ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишини кутамиз”, дейди у.
Станонинг сўзларига кўра, Баку жангларни арманларни Тоғли Қорабоғдан мажбуран олиб чиқиб кетиш учун баҳона сифатида ишлатмаслиги муҳим.
“Европа Иттифоқи вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда ва аъзо давлатлар вазият ўзгариши билан кейинги қадамларни белгилайди”, дея қўшимча қилди у.
19 сентябрь куни Баку Арманистон ҳарбийларини ушбу ҳудуддан олиб чиқиш учун Тоғли Қорабоғда “маҳаллий аксилтеррор чоралари” бошланганини эълон қилди. Ереван уларнинг минтақада борлигини инкор этиб, содир бўлаётган воқеаларни “кенг кўламли тажовуз” деб атади.
20 сентябрь куни томонлар Россия тинчликпарвар кучлари қўмондонлиги воситачилигида шу куни Москва вақти билан соат 12:00 дан бошлаб операцияни тўхтатиш, шунингдек, Тоғли Қорабоғни тўлиқ қуролсизлантириш тўғрисида келишувга эришилганини маълум қилди. 21 сентябрь куни Озарбайжоннинг Евлах шаҳрида Баку ва Қорабоғ арман аҳолиси вакилларининг “Озарбайжон конституцияси ва қонунлари асосида қайта интеграциялашуви” масаласи бўйича учрашуви бўлиб ўтади.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали мулоқот қилиб, томонларни музокаралар столига чақирди. 20 сентябрга келиб Озарбайжон Мудофаа вазирлиги маълум шартлари асосида аксилтеррор ҳаракатлари тўхтатилганини эълон қилди.
Россия Озарбайжоннинг ҳаракатларини қораламади, ҳарбий тўқнашув Озарбайжоннинг ўз ҳудудида бўлаётганини урғулади. Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистон Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш борасидаги қатъиятини олқишлашини айтди.
LiveБарчаси