ЕИ Фаластин учун донорлар гуруҳини тузмоқчи
Олам
−
23 Сентябрь 2025 2702 1 дақиқа
Европа Иттифоқи Фаластинни қўллаб-қувватлаш ва Ғазони тиклаш учун донорлар гуруҳини тузади. Бу ҳақда кеча, 22 сентябрь куни Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен Нью-Йоркда бўлиб ўтган Фаластин муаммосини тинч йўл билан ҳал қилиш ва икки давлат ечимини амалга оширишга бағишланган халқаро конференцияда маълум қилди.
“Фаластин маъмуриятининг ўзи хавф остида тургани учун ҳаммамиз кўпроқ иш қилишимиз керак. Шу сабабли биз Фаластин учун донорлар гуруҳини тузамиз. Келажакдаги Фаластин давлати иқтисодий жиҳатдан ҳам барқарор бўлиши шарт”, дейди фон дер Ляйен.
Унинг айтишича, Европа Иттифоқи Ғазо секторида уруш бошланганидан бери Фаластин миллий маъмуриятига 1,6 миллиард евролик ёрдам кўрсатган, аммо ҳозир бу етарли эмас.
“Биз европаликлар Ғазони тиклаш учун бошқа донорлар билан ҳамкорликда махсус механизм яратамиз. Ғазо қайта тикланиши керак. Фаластин иқтисодиёти қайта тикланиши керак. Сизларнинг барчангизни ушбу мақсадга эришиш учун саъй-ҳаракатларга қўшилишга чорлайман”, дейди Еврокомиссия раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Президенти Эммануэль Макрон БМТ Бош Ассамблеяси сессияси доирасида ўтказилган Фаластин масаласини тинч йўл билан ҳал қилиш ва икки давлат ечимини амалга ошириш бўйича конференция минбаридан Фаластин давлатини тан олганини эълон қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси