Франция Фаластинни тан олди
Олам
−
23 Сентябрь 5285 2 дақиқа
Франция Президенти Эммануэль Макрон Фаластинни расман давлат сифатида тан олганини эълон қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари кеча, 22 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ штаб-квартирасидаги нутқида айтиб ўтди.
“Бугун Франция Фаластин давлатини тан олади. Бу қарор исроил ва фаластин халқлари ўртасида тинчлик бўлиши учун қабул қилинмоқда”, деган Макрон.
Франция етакчиси ҲАМАС томонидан асирга олинган гаровдагилар масаласига ҳам, Ғазо секторидаги Исроилнинг ҳарбий амалиётларига ҳам тўхталган. Унга кўра, ҲАМАС қўлида сақланаётган 48 нафар гаровдагиларни озод қилиш, Ғазодаги уруш ва бомбардимонларни, оммавий қирғинлар ҳамда аҳолининг мажбурий кўчирилишини тугатиш вақти келди.
Худди шу йиғилиш давомида Бельгия Бош вазири Барт Де Вевер, шунингдек, Монако, Мальта ва Люксембург раҳбарлари ҳам Фаластинни давлат сифатида тан олганини эълон қилди. Буюк Британия, Канада, Австралия ва Португалия эса 21 сентябрь куни Фаластинни тан олган эди.
Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фарҳан Ол Сауд бошқа мамлакатларни ҳам ана шундай тарихий қадам ташлашга чақирган.
“Биз барча давлатларни шу йўлни танлашга ундаймиз. Бу чора икки давлат ечимини амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларга катта таъсир кўрсатади”, деган ТИВ раҳбари.
БМТ Бош ассамблеяси ҳам Фаластин ва Исроил ўртасидаги можарода ҲАМАС иштирокисиз икки давлат асосида ечимга қайтиш зарурлигини билдирган. 12 сентябрь куни Франция ва Саудия Арабистони тақдим этган резолюцияни 142 та мамлакат қўллаб-қувватлаган. АҚШ ва Исроилни ҳам ўз ичига олган 10 давлат бунга қарши чиққан, 12 мамлакат овоз беришдан бош тортган.
Ҳужжатда, шунингдек, ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги ҳокимиятини тугатиш ҳамда 2023 йил 7 октябрда гаровга олинганларни озод этиш талаби ҳам ўрин олган. Исроил ҳукумати бу қарорни кескин танқид қилган, Фаластин миллий маъмурияти эса уни олқишлаган.
Маълумки, 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС Исроилга йирик ҳужум уюштирди. Қатнашчилар ракета ҳужумлари амалга оширди, Исроил ҳудудига бостириб кириб, замонавий Исроил давлати тарихидаги энг катта тинч аҳоли қирғинини содир этди. Ҳужум оқибатида қарийб 1 200 киши ҳалок бўлди, 250 дан ортиқ одам гаровга олинди ва Ғазо секторига олиб кетилди. Улардан баъзилари кейинроқ алмашилди ёки озод қилинди, айримлари эса ҳалок бўлди.
Исроил бунга жавобан ҲАМАСга қарши уруш эълон қилди. Қуруқликдаги операция ва Ғазо секторидаги бомбардимонлар оқибатида65 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди, 166 мингдан зиёди яраланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Португалия Ташқи ишлар вазири Паулу Ранжел ҳам ўз мамлакати Фаластин давлатини расман тан олганини эълон қилганди.