ЕИ давлатлари россияликлар учун виза беришни бутунлай тўхтатдими?

Олам 3666
image

Россияликларга визалар беришда аллақачон чекловлар жорий этган Европа Иттифоқи давлатлари визалар беришни бутунлай тўхтатмоқчи эмас, улар гуманитар сабабларга кўра берилишида давом этмоқда. Бу ҳақда бугун, 18 август куни бўлиб ўтган брифингда Еврокомиссия вакили Анита Хиппер маълум қилди.

“Евроиттифоқ давлатлари виза бериш тизимини тўлиқ тўхтатгани йўқ, визалар гуманитар сабабларга кўра берилиши давом этмоқда”, деган у. 

Қайд этилишича, ЕИ Ташқи ишлар вазирлари жорий йилнинг 30-31 август кунлари Прагада бўлиб ўтадиган норасмий учрашувда Россия фуқаролари учун мумкин бўлган виза чекловларини муҳокама қилади. 

Эслатиб ўтамиз, Украина Президенти Владимир Зеленский Ғарбни барча руслар учун чегараларни бутунлай ёпишга чақирган эди. 

Бунинг ортидан жорий йилнинг 11 август куни, Эстония ҳукумати Шенген визасига эга бўлган Россия Федерацияси фуқароларининг мамлакатга киришини тақиқлаган эди.

Шунингдек, Чехия, Латвия ва Литва ҳам россияликларга виза беришни чеклади. Дания ва Нидерландия эса қисқа муддатли визалар беришни тўхтатган. Германия Россия фуқаролари учун виза тақиқланишига қарши. 

Айни пайтда Россия Ташқи ишлар вазирлиги Европа Иттифоқининг русларни виза билан камситишга қаратилган қадамлари Москва томонидан жавобсиз қолмаслигини билдирган.
 

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 49
Рейтинг: 3.1
t
×