Яширин омборхонасида 1,4 млрд сўмлик ноқонуний дориларни сақлаган шахс ушланди

3-саҳифа

image

Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро яширин омборхонасида 1,4 миллиард сўмлик ноқонуний дори воситаларини сақлагани аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, аҳоли саломатлиги хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ДХХ, Божхона қўмитаси ва Ички ишлар органлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи, 2003 йилда туғилган шахснинг яшаш манзили кўздан кечирилган.

Натижада, хонадоннинг яширин омборхонасида хорижда ишлаб чиқарилган ва тегишли сифат сертификатига эга бўлмаган Ортофен, Нейрокс, Тирозол, Сиофор ва бошқа шу каби жами 28 турдаги 28 928 дона дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Қайд этилишича, мамлакат ҳудудига ноқонуний йўллар билан олиб келинган ушбу дори воситаларининг тахминий қиймати 1,4 миллиард сўмни ташкил этади.

Билдирилишича, ҳозирда дори воситаларига нисбатан экспертиза текширувлари тайинланиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус туманида ноқонуний дори воситаларини сақлаш, тайёрлаш ва сотиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг