“Яшил макон” дастури учун яна 100 млрд сўм ажратилади

Жамият

image

Келаси йил Ўзбекистонда “Яшил макон” дастури учун 100 миллиард сўм ажратилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 21 октябрь куни ўз раислигидаги "Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишда эълон қилди. 

Қайд этилишича, эндиликда дарахтларни 3 йил парваришлаш, касалликдан сақлаш, суғориш харажатлари ҳам инвестиция дастурига киритилади.

Суғориш тизими бўйича 2 та тажриба амалга оширилади. Хусусан, 27 та туманда суғориш тизими яратиш учун 1 тадан қудуқ қазишга рухсат берилади. Ғаллаорол туманидаги тоғларда қор-ёмғир сувини йиғувчи 10 та гео-мембрана ўрнатилиб, дарахтларни суғориш тизими яратилади. Баҳорда 14 та туманнинг тоғ ва адир қияликларида қават-қават қилиб, терраса усулида 500 гектарда дарахт экиш бошланади.

Шунингдек, вилоят ҳокимликларига “Менинг боғим” лойиҳаси бўйича яшил боғ яратишга камида 1 гектар, яшил жамоат парки учун ярим гектардан ер ажратиш топширилди. 

Бу майдонлар экиш мавсумигача “Очиқ бюджет” порталига қўйилиб, дарахт турлари бўйича тавсия ва уларнинг нархи кўрсатилади. Бунда, парваришлашда масъулиятсизлик қилган шахсларни мобил илова орқали огоҳлантириш тизими йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, ҳокимларга барча ободонлаштириш бўлимларини 20 тадан суғориш мини-техникаси билан таъминлаш топширилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент баҳор мавсуми пайтида 28 та туман дарахт экишда режани бажармаганини танқид қилган эди. Хусусан, иқлим шароитини ҳисобга олмасдан, сув йўқ жойларга дарахт экилгани учун минглаб туп дарахт кўкармаган. Суғориш тизими йўқ жойга Тошкент шаҳрида 322 минг, Самарқандда 96 минг, Тошкент вилоятида 67 минг, Қорақалпоғистонда 61 минг, Бухорода 24 минг, Навоийда 15 минг кўчат экилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев “Яшил макон” Суғориш тизими

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made