Мирзиёев дарахт экишда режани бажармаган 28 туманни танқид қилди

Жамият

image

Бугун, 21 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган "Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида баҳор мавсуми пайтида 28 та туман дарахт экишда режани бажармагани танқид қилинди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Қайд этилишича, иқлим шароитини ҳисобга олмасдан, сув йўқ жойларга дарахт экилгани учун минглаб туп дарахт кўкармаган. Суғориш тизими йўқ жойга Тошкент шаҳрида 322 минг, Самарқандда 96 минг, Тошкент вилоятида 67 минг, Қорақалпоғистонда 61 минг, Бухорода 24 минг, Навоийда 15 минг кўчат экилган.

Ҳисоботга энг кўп қўшиб ёзиш Бухоро, Тошкент, Андижон, Сурхондарё, Самарқанд вилоятларида ва Тошкент шаҳрида қайд этилган.

Шу муносабат билан Президент Бош прокуратурага соҳадаги назоратни кучайтириш зарурлигини кўрсатиб ўтган. Ҳар бир ҳоким, вазир, ташкилотга қаерга, қанча кўчат экиш эгаси, жойи, суви ва маблағи билан аниқ белгилаб бериш топширилган, мутасаддилар бунинг ижроси бўйича қатъий сўров бўлиши ҳақида огоҳлантирилган.

Йиғилишда энг аввало Ўзбекистон иқлимига мос сифатли кўчатни кўпайтириш лозимлиги таъкидланган.

“Фанлар академияси, экология, қишлоқ, сув ва ўрмон хўжалиги, карантин тизимидаги илмий-тадқиқот ташкилотлари, олийгоҳлар, кафедралар, ин-витро лабораторияларидан самарали фойдаланиб, уруғ ва кўчат етиштириш ҳажмини ошириши зарур”, деган Президент.

Шу сабабли 2023 йилда Нукус, Арнасой, Қоракўл, Муборак туманларида сувсизлик ва шўрга чидамли галофит ўсимликларидан иборат 4 та боғ барпо қилиниши айтилган.

Уруғ олиш учун ўрмон хўжаликларидан соғлом оналик плантациясини танлаш орқали йилига 1,5 минг тонна уруғ тайёрланиши, Корея тажрибаси асосида сувсизликка чидамли, иқлим шароитига мос ёпиқ илдизли контейнер ва ин-витро усулида 2 миллион кўчат етиштириш тизими йўлга қўйилиши белгиланди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразмдаги 250 минг гектар чўлда сув талаб этмайдиган саксовул, қандим, черкез уруғлари дронлар ёрдамида экилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига Самарқанд, Хоразм, Тошкент ва водий вилоятларидаги 327 гектар ерда ноёб мевали кўчатларни ин-витро усулида етиштиришни йўлга қўйиш топширилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, улардан электр энергияси ва маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳалари тақдимоти билан танишиш давомида заводлар мамлакатнинг ҳаёт-мамотини ҳал қиладиган масалалардан бири эканини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев дарахт экиш "Яшил макон”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг