Ярим асрдан бери илк бор: NASA Ойга тўрт нафар астронавтни юборади
Бу қизиқ
−
13 Март 1069 2 дақиқа
Жорий йил 1 апрель куни АҚШ Миллий аэронавтика ва космик маъмурияти (NASA) тўрт нафар астронавтни Ой атрофида парвоз қилиш учун юборишга тайёрлигини эълон қилди. Агентлик техник муаммолар бартараф этилгач, ярим асрдан кейинги илк бошқариладиган парвоз санасини тасдиқлади. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди.
Artemis II миссияси тахминан ўн кун давом этади: экипаж Ой юзасига қўнмасдан унинг атрофини айланиб чиқади ва Ерга қайтади. Парвоз Space Launch System (SLS) ракетаси ёрдамида амалга оширилади. Экипаж таркибига командир Рид Уайсмен, учувчи Виктор Гловер ҳамда мутахассислар Кристина Кох ва Жереми Хансен кирган.
Миссияни апрель ойида учириш имконияти жорий йил февралда аниқланган водород сизиб чиқиши ва гелий узатишдаги муаммолар ҳал қилинганидан кейин пайдо бўлди. Муҳандислар носоз зичлагични алмаштирган ва ракетани якуний текширувлар учун йиғиш биносига қайтарган.
Дастур менежери Шон Куинннинг сўзларига кўра, ракетани учириш майдончасига олиб чиқиш 19 мартга режалаштирилган.
Учириш ойнаси олтита эҳтимолий санани ўз ичига олади: 1 апрелдан 6 апрелгача. Агентлик Artemis II синов парвози эканлигини, шу сабабли у маълум хатарлар билан боғлиқлигини таъкидламоқда.
Маълумот учун, Artemis (“Артемида”) дастури 1972 йилда якунланган Apollon (“Аполлон”) миссияларининг давомчисидир. Олдинги босқич – Artemis I, 2022 йил охирида учувчисиз режимда ўтказилган эди. Кейинги қадам эса Artemis III миссияси бўлиб, унинг доирасида 2028 йилда Ойнинг Жанубий қутби яқинига икки астронавтни қўндириш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ NASA Artemis II миссиясини барча учиришдан олдинги процедураларнинг якуний синови пайтида ёқилғи сизиб чиқиши сабабли март ойига қолдирганди.
Live
Барчаси