Япониянинг асосий метеорологик сунъий йўлдоши ишдан чиқди
Олам
−
11 Ноябрь
1608Япониянинг “Химавари-9” метеорологик сунъий йўлдоши инфрақизил тасвирларни узатишни тўхтатди. Бу ҳақда мамлакат Миллий метеорология бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, муаммо Ер юзасини инфрақизил нурлар ёрдамида кузатиш билан боғлиқ суратларнинг узатилишида юзага келган.
“Бузилишларга қарамай, “Химавари-9” нинг бошқа муҳим функциялари иш ҳолатида қолмоқда. Сунъий йўлдош тайфунлар, кучли ёмғирлар ва шамол каби табиий офатлар ҳақида огоҳлантириш учун зарур бўлган маълумотларни узатишда давом этмоқда”, дейилади хабарда.
Мамлакат метеорология бошқармаси носозлик сабабини билмаслигини ва у қачон бартараф этилишини айта олмаслигини маълум қилди.
Маълумот учун, “Химавари” – геостационар сунъий йўлдошлар оиласи бўлиб, уларнинг биринчиси 1977 йилда учирилган. Ушбу қурилмалардан Япониядан ташқари, Шарқий ва Жануби-Шарқий Осиё, Австралия ва Янги Зеландия метеорология идоралари фойдаланиб келади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Япония ўзининг янги H3 ракетасида ALOS-4 сунъий йўлдошини муваффақиятли учирганди.
Муҳаммад Ҳодиев