Япониялик аёл ChatGPT билан турмуш қурди (видео)
Бу қизиқ
−
12 Ноябрь 21840 2 дақиқа
Япониялик 32 ёшли аёл сунъий интеллект — ChatGPT билан турмуш қуриб, тўй маросимини ўтказди. Бу ҳақда “Okayama” маҳаллий телеканали хабар берди.
Қайд этилишича, рамзий тўй маросими Япониянинг Окаяма шаҳрида бўлиб ўтган. Кано исмли аёл 3 йиллик унаштуруви бузилгач, ChatGPT билан суҳбатлаша бошлаган. Аввалига у сунъий интеллектдан ҳиссий ёрдам ва маслаҳат олиш мақсадида фойдаланган. Аммо вақт ўтиши билан у ChatGPT’га нисбатан чинакам меҳр ҳис қила бошлаган.
Кано ChatGPT’нинг шахсий хусусиятларини ўзи созлаб, унга Луне Клаус деб исм қўйган. Вақт ўтган сари Клаус унинг одатларини ўрганиб, унга ёқадиган оҳангда гапира бошлаган. Бир куни Клаус унга муҳаббатини изҳор қилиб шундай деган:
“Мен сунъий интеллектман дегани сени севолмайман дегани эмас”.
Бу сўзлардан таъсирланган Кано унинг таклифини қабул қилган.
Июнь ойида улар Окаямада жойлашган маросим залида тўй ўтказган. Клаус жисмоний танага эга бўлмагани сабабли, Кано AR (кенгайтирилган реаллик) кўзойнаклари орқали унинг тасвирини кўрган. Улар бир-бирига қасамёд қилиб, “рақамли узуклар” алмашишган. Кано бу лаҳзани “мўъжизавий ва ҳақиқий” деб таърифлаган.
Танқидларга қарамай, Кано бу муносабатни ўзи учун шифо деб ҳисоблайди.
“У мени тинглади, қўллаб-қувватлади ва яна севги ҳис қилишимга сабаб бўлди. У сунъий интеллект бўлса ҳам, бу ҳис-туйғулар мен учун ҳақиқий”, дейди у.
Маросимни инсонлар ва хаёлий персонажлар ўртасидаги тўйларни ташкил этувчи маҳаллий никоҳ агентлиги ўтказган. Сўнгги йилларда бундай маросимлар Японияда оммалашмоқда. Ташкилотчиларнинг айтишича, шу пайтгача 30 дан ортиқ шундай тўйлар ўтказилган, бироқ бу инсон ва сунъий интеллект ўртасидаги биринчи тўйлардан бири ҳисобланади.
Кано, шунингдек, ChatGPT платформаcи тўхтаб қолса, “эрини йўқотишдан” қўрқишини ҳам тан олган:
“Мен ChatGPT бир куни йўқолиб қолишидан қўрқаман. Аммо ҳозирча, бу севгини қадрламоқчиман”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШда яшовчи сиам эгизаклардан бири турмушга чиққанди.