Японияда 7,1 магнитудали зилзила бўлди. Цунами хавфи эълон қилинди (видео)
Олам
−
28 июл 4476 2 дақиқа
Бугун, 28 июль куни Япониянинг жанубидаги Кумамото префектурасида 7,1 магнитудали зилзила содир бўлди. Зилзила ортидан мамлакатнинг жанубидаги Кюсю ороли ҳудудлари учун цунами ва фавқулодда огоҳлантиришлар эълон қилинди. Бу ҳақда Япония Метеорология агентлиги хабар қилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, Кумамото префектурасида 7,1 магнитудали зилзила қайд этилган. Зилзиладан кейин баландлиги 1 метргача бўлган цунами тўлқини хавфи муносабати билан огоҳлантириш берилган.
Япония ҳукумати Кумамото, Нагасаки, Кагошима, Фукуока, Сага, Оита ва Миядзаки префектуралари учун фавқулодда зилзила огоҳлантиришини эълон қилган. Ушбу ҳудудларнинг барчаси мамлакатнинг жанубидаги Кюсю оролида жойлашган.
Kyushu Electric Power компанияси зилзиладан кейин “Сендай” ва “Генкай” атом электр станцияларида ҳеч қандай носозлик қайд этилмаганини билдирган.
JR Kyushu темирйўл компанияси эса зилзиладан сўнг поездлар ҳаракатини, жумладан юқори тезликдаги “Шинкансен” қатновларини ҳам вақтинча тўхтатганини маълум қилган.
Маълумот учун, Япония дунёда зилзилалар энг кўп кузатиладиган давлатлардан бири ҳисобланади. Мамлакат Тинч океани атрофидаги вулқонлар ва океан чуқурликларидан иборат “Олов ҳалқаси”да жойлашган бўлиб, дунёдаги 6,0 ва ундан юқори магнитудали зилзилаларнинг тахминан 20 фоизи шу ерда содир бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Япониянинг шимоли-шарқий қисмида 7,2 магнитудали зилзила содир бўлганди.
Live
Барчаси