Япония Ўзбекистондаги айрим компанияларга қарши санкция жорий қилади
Олам
−
14 Июнь
10773Япония Ўзбекистон ва яна бир қатор давлатларнинг компанияларига Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтгани учун санкциялар жорий қилади. Бу ҳақда Япония ҳукумати бош котиби Ёсимаса Хаяши Токиодаги матбуот анжуманида маълум қилди.
“Санкцияларга келсак, мамлакатимиз Россияга қарши санкциялардан қочиш ёки четлаб ўтишга уринишларга қатъий муносабатда бўлишни муҳим деб ҳисоблайди. Биз Хитой ва Ҳиндистон компанияларига қарши санкцияларни ўз ичига олган пакетни кўриб чиқаётганимизни маълум қилдик. Бу санкциялар аниқ бир давлатларга қарши эмас, балки санкцияларни четлаб ўтишга уринаётган барча компанияларга қарши чоралар сифатида ишлаб чиқилади”, дейди Хаяши.
Ушбу санкциялар пакети Ўзбекистон, Хитой ва Ҳиндистондан ташқари БАА ва Қозоғистондаги айрим компанияларга қарши қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, Америка Қўшма Штатлари 12 июнь куни Россияга қарши янги санкцияларни жорий қилди. Ушбу санкциялар транши Москва биржаси, Миллий клиринг маркази ва Миллий ҳисоб-китоб депозитарийси, шунингдек, 300 га яқин компания ва ташкилотларга нисбатан санкцияларни ўз ичига олган.