Япония мундиалда фурор кўтарди

Спорт

image

Жорий йилнинг 1 декабрь куни Қатарда бўлиб ўтаётган Жаҳон чемпионатида плей-офф босқичида иштирок этадиган яна тўрт нафар жамоа аниқланди. 3-тур якунига кўра "E" ва "F" гуруҳлардан 1/8 финалга чиққан жамоалар маълум бўлди.

"E" гуруҳи

Сўнгги тур олдидан 4 очко билан гуруҳда пешқадамлик қилаётган испанларнинг плей-оффга чиқиш имконияти жуда юқори бўлганди. Бироқ Луис Энрике шогирдлари тезкор гол уришларига қарамай, Японияга имкониятни бой берди (1:2). Айнан Осиё термаси европаликларни ортда қолдириб, якунда 1-ўринда 1/8 финалга йўл олди.

Япония икки Жаҳон чемпионини мағлуб этди ва биринчи бўлди. Испания эса 2-ўрин билан кейинги босқичга йўл олди.

Испанияликлар тўплар нисбати бўйича Германияни ортда қолдиргани учун плей-оффга йўлланма олди. Немислар сўнгги турда қўлларидан келган барча ишни қилди – улар Коста-Рикадан устун келди (4:2), бироқ голлари сони кейинги босқич учун етарли бўлмади. Агар испанлар Японияга мағлуб бўлмаганида, Ханси Флик жамоаси плей-оффга чиққан бўларди.

"F" гуруҳи

Бу гуруҳда биринчи ўринни сенсацион тарзда Марокаш терма жамоаси эгаллади. Африкаликларга сўнгги турда Канадага мағлуб бўлмаслик етарли эди, аммо улар топшириқни ортиғи билан бажариб, рақибни мағлуб этди – 2:1. Бунгача марокашликлар Бельгияни мағлуб этган (2:0) ва хорватлар билан очко бўлишганди (0:0).

Параллель ўйинда Европа жамоалари 1/8 финалнинг иккинчи йўлланмаси учун кураш олиб борди. Хорватларга ютқазмаслик кифоя эди, аммо бельгияликларни фақат ғалаба қаноатлантирарди. Иккинчи бўлим биринчисига қараганда анча қизиқарли ўтди, аммо жамоалар голлари билан мухлисларни хурсанд қила олмади. Хорватия 2-ўринда плей-оффга чиқди, Бельгия эса уйига кетди.

1/8 финалда қандай тўқнашувлар бўлади?

Испаниянинг гуруҳда 2-ўринни эгаллаши Луис Энрике жамоасига бир тарафдан фойда бўлиши ҳам мумкин. Биринчидан, 1/8 финалда Хорватия билан эмас, Марокаш билан ўйнайди. Иккинчидан, испанлар ғалаба қозонса, чорак финалда уларни катта эҳтимол билан Португалия, ёки Швейцария, Сербия ёки Камерун тўқнашувлари ғолиби қарши олади. Агар Луис Энрике шогирдлари гуруҳда 1-ўринни эгаллаганда, чорак финалда катта эҳтимол билан Бразилияга тўқнаш келарди. Ҳеч қандай ҳолатда Испания Японияга атайлаб мағлуб бўлди, деб таъкидлаб бўлмайди, аммо бу мағлубият уларнинг ярим финал йўлланмасини бироз осонлаштирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қатар2022

Баҳолаганлар

391

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг