Япония императори янги ҳукумат таркибини тасдиқлади

Олам

image

Япония императори Нарухито мамлакатнинг янги Бош вазири Сигэру Исиба томонидан таклиф этилган мамлакат ҳукуматининг янги таркибини тасдиқлади. Бу ҳақда NHK хабар берди.

Тасдиқлаш маросими Токиодаги Император саройида бўлиб ўтди. Ҳукуматнинг янги таркиби аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси Бош котиби Ёсимаса Хаяси томонидан эълон қилинган эди, у ўз лавозимини сақлаб қолди. Собиқ мудофаа вазири Такэси Ивая Япония Ташқи ишлар вазирлигига раҳбарлик қилди. У 2018-2019 йилларда мамлакат Мудофаа вазирлигини бошқарган. 2014 йилдан 2016 йилгача бўлим бошлиғи бўлган Гэн Накатани янги Мудофаа вазири этиб тайинланди.

“Kyodo” маълумотларига кўра, янги Бош вазир тайинланиши халқнинг сиёсатга бўлган ишончи паст, иқтисодиётнинг беқарорлиги ва хавфсизликка таҳдидлар кучайган даврга тўғри келади. Исиба Ташқи ишлар вазири ва Мудофаа вазири лавозимларини икки тарафдорига топширди.

“Улар янги Бош вазирнинг Япониянинг глобал роли ва мақсадлари ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашади”, дея ёзган агентлик.

Император тасдиқлаган вазирлар рўйхати:

  • Сейичиро Мураками – Ички ишлар ва коммуникациялар вазири;
  • Хидэки Макихара – Адлия вазири;
  • Такэси Ивая – Ташқи ишлар вазири;
  • Кацунобу Като – Молия вазири;
  • Тосико Абэ – Таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазири;
  • Сусумаро Фукуока – Соғлиқни сақлаш, меҳнат ва фаровонлик вазири;
  • Ясуҳиро Озато – Қишлоқ хўжалиги вазири;
  • Ёшихару Муто – Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири ;
  • Тэцуо Саито – Ер, инфратузилма, транспорт ва туризм вазири;
  • Кэйитиро Асао – Атроф-муҳит вазири;
  • Гэн Накатани – Мудофаа вазири;
  • Ёсимаса Хаяси – Вазирлар Маҳкамаси Бош котиби;
  • Масааки Хира – рақамли вазир сифатида;
  • Тадаҳико Ито – Реконструкция вазири;
  • Манабу Сакаи – Миллий жамоат хавфсизлиги комиссияси раиси;
  • Дзюнко Михара – Болалар сиёсати вазири;
  • Рёмаса Аказава – Иқтисодиётни жонлантириш вазири;
  • Минору Жоучи – Иқтисодиёт ва хавфсизлик вазири;
  • Ёшитака Ито – Минтақавий жонлантириш вазири;
  • Акихиса Нагасима – Бош вазирнинг янги маслаҳатчиси.

Япония парламенти қуйи палатаси 9 октябрда тарқатиб юборилиши, 27 октябрда эса навбатдан ташқари умумий сайловлар ўтказилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Токиода бўлиб ўтган Вакиллар палатасининг ялпи мажлисида Япониянинг ҳукмрон Либерал-демократик партиясининг янги раҳбари Сигэру Исиба Бош вазир этиб сайланди. Сигэру Исиба ЛДПдаги энг тажрибали сиёсатчилардан бири бўлиб, бир неча давлат лавозимларида ишлаган: Мудофаа вазири (2007-2008), Қишлоқ хўжалиги вазири (2008-2009) ва Аҳоли сонининг қисқаришига қарши курашиш ва маҳаллий иқтисодиётни жонлантириш вазири (2014-2016).

2002 йилдан 2004 йилгача Исиба Миллий мудофаа агентлигини бошқарган ва Япония ўзини ўзи мудофаа қилиш кучларини ўзгартиришдаги асосий шахслардан бирига айланди. Расмий Япониянинг биринчи разведка сунъий йўлдошининг муваффақиятли учирилиши ва SM-3 Blok IIA баллистик ракетасининг Қўшма Штатлар билан биргаликда ишлаб чиқилишини назорат қилди, шунингдек, Япония ҳарбий хизматчиларининг 2003 йилда БМТ Хавфсизлик Кенгаши рухсатисиз хорижда биринчи марта – Ироққа жойлаштирилишига ёрдам берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Нарухито Сигэру Исиба Япония императори ҳукуматининг янги таркиби

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made