Япониянинг янги Бош вазири сайланди
Олам
−
01 Октябрь
2721Бугун, 1 октябрь куни Токиода бўлиб ўтган Вакиллар палатасининг ялпи мажлисида Япониянинг ҳукмрон Либерал-демократик партиясининг янги раҳбари Сигэру Исиба Бош вазир этиб сайланди. Бу ҳақда “Kyodo” ахборот агентлиги хабар берди.
“Исиба парламент қуйи палатасида Япония Бош вазири этиб сайланди”, дейилади баёнотда.
Тахминларга кўра, Мудофаа вазирлигини генерал Накатани, Ташқи ишлар вазирлигини эса собиқ мудофаа вазири Такэси Ивая бошқаради. Вазирлар Маҳкамасининг собиқ бош котиби Кацунобу Като Молия вазири бўлиши кутилмоқда.
Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири эса Ёдзи Муто бўлиши мумкин. Кисида бошчилигидаги ҳукуматнинг юқори вакили ва ЛДП пойгасида тўққиз даъвогардан бири Ёсимаса Хаяси Вазирлар Маҳкамаси бош котиби лавозимини сақлаб қолади.
Қуйи палата аъзоларининг амалдаги ваколатлари 2025 йил октябрда тугайди. Аввалги сайловлар Кисида бош вазир бўлганидан кўп ўтмай, 2021 йил октябрь ойида бўлиб ўтган.
Сигэру Исиба ЛДПдаги энг тажрибали сиёсатчилардан бири бўлиб, бир неча давлат лавозимларида ишлаган: Мудофаа вазири (2007-2008), Қишлоқ хўжалиги вазири (2008-2009) ва Аҳоли сонининг қисқаришига қарши курашиш ва маҳаллий иқтисодиётни жонлантириш вазири (2014-2016).
2002 йилдан 2004 йилгача Исиба Миллий мудофаа агентлигини бошқарган ва Япония ўзини ўзи мудофаа қилиш кучларини ўзгартиришдаги асосий шахслардан бирига айланди. Расмий Япониянинг биринчи разведка сунъий йўлдошининг муваффақиятли учирилиши ва SM-3 Blok IIA баллистик ракетасининг Қўшма Штатлар билан биргаликда ишлаб чиқилишини назорат қилди, шунингдек, Япония ҳарбий хизматчиларининг 2003 йилда БМТ Хавфсизлик Кенгаши рухсатисиз хорижда биринчи марта – Ироққа жойлаштирилишига ёрдам берди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япония собиқ Бош вазири Фумио Кисида кабинети парламентнинг кеча, 30 сентябрь куни якунланган навбатдан ташқари сессиясида истеъфога чиқди. Кисида мамлакатнинг ҳукмрон Либерал-демократик партияси (ЛДП) раиси сайланганидан кейин ҳукумат раҳбари лавозимини тарк этишини айтган эди. Кисида сайловда қатнашмасликка қарор қилганди, чунки ҳукумат рейтинги бир қатор можаролар туфайли, асосан, ЛДПга сиёсий хайрияларни йиғишда молиявий ҳисобот қоидаларини бузиш туфайли рекорд даражага тушиб кетганди.
LiveБарчаси