Янги Зеландия Путинга яқин 87 кишини қора рўйхатга киритди
Олам
−
24 Февраль 2023
3149Янги Зеландия ҳукумати россиялик сиёсатчилар, ҳарбийлар ва тадбиркорларга қарши янги санкциялар эълон қилди. Бу ҳақда 24 февраль куни орол давлати Ташқи ишлар вазири Наная Махутага таяниб, Россия ОАВлари хабар берди.
“Бугун биз Россиянинг ҳаракатларини қоралаш учун унга қарши энг катта санкциялар пакетини эълон қиламиз. Президент [Россия] Владимир] Путинга яқин сиёсий арбоб бўлган 87 нафар Россия фуқаросига нисбатан янги чеклов чоралари жорий этилади”, дейди Махута.
Вазирнинг таъкидлашича, янги санкциялар рўйхатига, Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси аъзолари, можарода фаол иштирок этаётган ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий қисмлар қўмондонлари, шунингдек, уларнинг оила аъзолари киритилган.
“Россиянинг босқинчилигига жавобан Янги Зеландия томонидан кўрилган чоралар ва Украинани қўллаб-қувватлаш кўлами мисли кўрилмаган, чунки Россия Федерациясининг ҳаракатлари бутун дунё ва мамлакатимиз хавфсизлиги ва иқтисодий барқарорлигига таъсир қилади”, дейди вазир.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 23 февраль куни Австралия ҳукумати ҳам Россия Бош вазири ўринбосарлари, вазирлар, губернаторлар, Москва ва Бутун Рус патриархи Кириллга санкция киритган эди.
Маълумот учун, Россия-Украина можаросининг биринчи йили натижаларига кўра, Россия ўзига нисбатан қўйилган чекловлар сони бўйича дунёда Эрон, Сурия ва Шимолий Корея каби давлатлардан олдинга чиқди. “Castellum.ai” глобал санкциялар мониторинги маълумотлар базасига кўра, 2022 йил 22 февралдан бери Россияга нисбатан 11 327 та чеклов жорий этилган. Россияга қарши санкцияларнинг умумий сони 14 022 тага етди.