Янги вазир Қашқадарёда ИИБ мулозимларини ёппасига ишдан олди

Жамият

image

Қашқадарё вилоятида Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатовнинг буйруғи билан тизимдаги қатор мансабдор шахслар, хусусан, Кўкдала ва Китоб туманлари ИИБ бошлиқлари ишдан олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, Қашқадарё вилоятида ўтказилган комплекс инспекторлик текшируви натижалари юзасидан Ички ишлар вазири томонидан Республика ишчи гуруҳи, вилоят ҳамда туман-шаҳар ички ишлар органларининг масъул раҳбарлари ва шахсий таркиби иштирокида ҳисобот йиғилиши ўтказилган.

Мажлисда ишчи гуруҳнинг вилоятдаги ўрганиш якунларига кўра ҳудудлардаги мавжуд криминоген вазият, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, аҳолига хизмат кўрсатиш, мурожаатлар билан ишлаш, жамоат тартиби ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек ходимларнинг ижро ҳамда хизмат интизомига риоя этиш масалалари танқидий муҳокама қилинган.

Жараёнда хизмат фаолиятида юқори натижадорликка эришган, намунали хизмат фаолияти учун аҳоли ҳамда сафдошлари томонидан алоҳида эътироф этилган бир гуруҳ ходимлар муносиб тақдирланган. Шу билан бирга, хизмат фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйган соҳавий хизматлар ҳамда ҳудудий ИИБ раҳбарлари фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилган.

Жумладан, Ички ишлар вазирининг буйруғи билан вилоят ИИБ маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғининг ўринбосари, вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими бошлиғи, Кўкдала ва Китоб туманлари ИИБ бошлиқлари, Косон ва Касби туманлари ИИБ бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари, Муборак тумани ва Қарши шаҳри ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати бўйича ўринбосарлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Шунингдек, вилоят ИИБ бошлиғининг жамоат хавфсизлиги бўйича ўринбосари, Тергов бошқармаси бошлиғи, Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғи, Йўл ҳаракати хавфсизлиги қидирув-суриштирув бўлинмаси бошлиғи, Касби тумани ИИБ бошлиғи ва унинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, Қарши шаҳар, Косон ва Муборак тумани ИИБ бошлиқларига кескин интизомий жазолар қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 март куни 2017 йилдан бери Ички ишлар вазири сифатида ишлаб келган Пўлат Бобожонов лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди. Унинг ўрнига Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаб келган Азиз Тошпўлатов Ички ишлар вазири этиб тайинланди. Тошкент шаҳар ИИББга эса Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаб келган полковник Равшан Султонхўжаев тайинланди.

Равшан Султонхўжаевнинг ўрнига эса Тошкент шаҳар Юнусобод тумани бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган полковник Абдумажид Шермуҳаммедов Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи тайинланди. Андижон вилояти ИИБ бошлиғи лавозимини эгаллаб келган полковник Аюбхон Тошхўжаевич Раҳматуллаев Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қашқадарё ИИБ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг