Янги Lacetti`нинг бўёғи кўчиб кетди. “UZAUTOMOTORS” айбни харидорга тўнкади

Жамият

image

“UZAUTOMOTORS” АЖ автомобиллари нархи атрофида кенг баҳслар давом этаётган бир вақтда, маҳсулотлар сифатига борасида ҳам муаммолар кўрина бошлади.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги маълумотига кўра, тошкентлик фуқаронинг автосалондан харид ыилган янги Lacetti автомобили олти ойдан сўнг 30-40 йил хизмат қилган уловга ўхшаб қолган. Агентлик харидорнинг ҳуқуқи бузилганини айтмоқда.

Унга кўра, истеъмолчи З.А. харид қилган Lacetti`нинг лак бўёқлари ҳар еридан кўчиб туша бошлаган. Аввал том қисми, олди капоти, кейинчалик бошқа устки қисмларида ҳам шундай бўлган.

Агентлик хабарига кўра, машина худди 30-40 йил хизмат қилгандек ҳолатга келиб қолган. Автосалон эса жиддий нуқсонга эга Lacetti`ни кафолат муддатида янгисига алмаштириб бермаган. Аксинча, автомашинани ювиш жараёнида бўёғига шикаст етказган, деган баҳонани кўрсатган. Аммо истеъмолчи автомашинасини эҳтиётлаб, нуқсонлар келиб чиқмаслиги учун ўз вақтида унга қараб турган.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Call-маркази орқали келиб тушган мазкур мурожаат агентликнинг Тошкент шаҳар ҳудудий тузилмасига йўналтирилган. Шундан сўнг “UZAUTOMOTORS” АЖ ҳамда “Sergeli-Avtotexxizmat” МЧЖларга тегишли сўров хатлари юборилиб,уларни жалб этилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида Чакана савдо қоидаларини ҳамда Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 75-сонли қарори талабларидан келиб чиққан ҳолда ўрганиш ўтказилган.

“Ўрганиш давомида, масала ойдинлашди ва “Sergeli-Avtotexxizmat” МЧЖ ўртасида 2019 йил 23 сентябрда тузилган шартномага асосан нуқсонли автомобиль 2020 йил 18 август куни худди шундай янги “Lacetti L-Elegant/AT Plus” автомобилига (2020 йил 19 август ҳолатига 138 126 000 сўм) алмаштирилди ҳамда қайтадан расмийлаштириб берилди”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, Монополияга қарши курашиш қўмитаси “UZAUTOMOTORS” автомобиллари нархини асоссиз оширгани бўйича текширув ўтказди. Натижада компания автомобиллар нархини пасайтириши кераклиги ҳақида қарор чиқарилди. Аммо монополист автомобилсоз бу қарорга бўйсунмай, судлашишга аҳд қилди. Бўлаётган ишларни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари ва кенг жамоатчилик диққат билан кузатиб боряпти.


Мақола муаллифи

Теглар

UZAUTOMOTORS

Баҳолаганлар

1199

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг