“UZAUTOMOTORS” нархни пасайтирмоқчи эмас, жамият судлашмоқчи
Жамият
−
20 Август 2020
14250Аввалроқ, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан “UZAUTOMOTORS” АЖда “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилиши бўйича қўзғатилган ишнинг давоми кеча, 19 август куни кўриб чиқилгани, унда АЖдан вакил иштирок этмагани, иш охирида комиссия “UZAUTOMOTORS” АЖ автомобиллар нархини 3 млндан 19 млн сўмгача тушириши кераклиги тўғрисида қарор қабул қилгани ҳақида хабар берган эдик. Комиссия қарорига нисбатан “UZAUTOMOTORS” АЖ эътироз билдириб, расмий баёнот билан чиқди. Унда АЖ ушбу иш тингловида нима учун вакил иштирок этмаганига аниқлик киритган.
“2020 йил 19 август куни, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши кураш қўмитасида “UzAuto Motors”га нисбатан Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғриси”даги Қонуни бузилиши белгиларига нисабатан очилган иш бўйича навбатдаги тинглов ўтказилди.
Баҳсли масалаларни асослаш учун зарур қўшимча материалларни тайёрлашга муддат қисқа эканлиги туфайли, “UzAuto Motors” АЖ томонидан иш кўриб чиқилиши кейинроққа қолдирилиши (2005 йил 12 октябрдаги 225- сонли ВМҚга мувофиқ)ни сўраб илтимоснома йўлланганди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан иш бир тарафлама кўриб чиқилди, унинг якунида нотўлиқ маълумотларга асосланган қарор қабул қилинди”, дейилади “UZAUTOMOTORS” АЖ баёнотида.
Расмий изоҳда қайд этилишича, автомобилларни ишлаб чиқариш мураккаб жараён. Уни ўрганиш етарлича вақт талаб этади. “UZAUTOMOTORS” фаолиятини янада чуқурроқ ва асослироқ ўрганиш келгуси суд муҳокамалари давомида мумкин бўлади – компания эса ўзининг ушбу ҳуқуқидан фойдаланишни режалаштирган.
Комиссия қарорида “UZAUTOMOTORS” АЖ жорий йилнинг март ойида автомобиллар нархини асоссиз оширгани айтилиб, харидорларга оширилган қисми учун тўлов қайтарилиши юкланган эди. “UZAUTOMOTORS” АЖ бунга қуйидагича жавоб берган:
“Монополияга қарши курашиш қўмитаси қошидаги махсус комиссия қабул қилган қарор узил-кесил ҳисобланмайди – кейинги хатти-ҳаракатлар суд муҳокамалари якунларидан келиб чиқиб белгиланади.
Ўз навбатида, компания автомобиллар нарх асосли эканлигини ва ҳозирги вазиятда нархни пасайтириш имконсизлигини маълум қилади”.
LiveБарчаси