Яна TikTok. У блокдан чиқарилдими?

Жамият

image

Ижтимоий тармоқда TikTok’нинг блокдан чиқарилгани, VPN’сиз ҳам ишлаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш учун QALAMPIR.UZ нашри Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси Матбуот котиби Акбар Сиддиқов билан боғланди.

Акбар Сиддиқовнинг таъкидлашича, TikTok ижтимоий тармоғидан фойдаланиш учун ҳамон чекловлар мавжуд бўлиб, у блокдан чиқарилмаган.

“TikTok ҳамон Давлат персоналлаштириш маркази юритадиган “Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестри”да турибди. Бу эса унинг блокдан ечилмаганини билдиради. Қачон у реестрдан чиқарилса, шунда блокдан чиқарилган бўлади”, дейди Акбар Сиддиқов.

Аввалроқ, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов TikTok компаниясининг вице-президенти доктор Тео Бертрам ва компаниянинг масъул ходимлари билан онлайн учрашув ўтказганини, унда TikTok маъмурияти дастурга ўзбек тилини ҳам киритиши мумкинлигини билдирганини айтганди.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзкомназорат” жорий йилнинг 2 июлидан бошлаб TikTok, Twitter, Skype, WeChat ва Вконтакте тармоқларига чеклов қўйган эди. Чекловга мазкур тармоқлар Ўзбекистон фуқароларининг шахсига оид маълумотларини Ўзбекистон ҳудудида жойлашган серверларда сақламаётгани важ қилиб кўрсатилган.

Шунингдек, жорий йилнинг 3 ноябрь куни “Мой Мир”, “Одноклассники”, “Youtube”, “Facebook”, “Telegram”, “Instagram” ва “LinkedIn” каби мессенжер ва ижтимоий тармоқлар фаолиятига ҳам чеклов қўйилди. Аммо, орадан кўп ўтмай, ушбу тармоқлар фаолиятига қўйилган чеклов расман бекор қилинди.

Чекловни ўрнатган ташкилот Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси раҳбари Ғолибшер Зияев Бош вазир қарори билан эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди

4 ноябрь куни эса мазкур воқеа ортидан  Бош вазир маслаҳатчиси — IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи Олимжон Умаров ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов ҳам эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

219

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг