Ўзбекистонда TikTok ишламай қолмоқда. Тармоқ аввал огоҳлантирилганди
Жамият
−
02 Июль 2021
16756Ўзбекистон ҳудудида Twitter, TikTok ва “ВКонтакте” чекланди. Аввалроқ Ўзбекистон юқоридаги компанияларга серверларини Ўзбекистонга кўчириш бўйича талабномалар юборганди.
“Ўзкомназорат” Ахборот хизматининг хабар беришича, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 27-1-моддаси талабларига зид равишда Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов берилаётгани учун айрим ижтимоий тармоқлар 2021 йил 2 июлдан “Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестри”га киритилган ва Интернет тармоғида мазкур ресурсдан Ўзбекистон ҳудудида фойдаланиш ўрнатилган тартибда, аниқланган камчиликлар бартараф этилгунга қадар чекланган.
Хабар берилганидек, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг моддаларига кўра энди “Facebook Inc.” (Facebook Messenger, Instagram, WhatsApp), Google (Google Messenger, YouTube), Mail.ru (Вконтакте, Одноклассники), Microsoft Skype, Telegram, Tencent Wechat, TikTok, Twitter, Yandex (Яндекс такси, Яндекс карты, Яндекс мессенжер, Яндекс деньги) каби ижтимоий тармоқлар ва интернет компаниялар Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришда ушбу маълумотларни жисман Ўзбекистон ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда базаларда йиғилишини, тизимлаштирилишини ва сақланишини таъминлаши ҳамда шахсга доир маълумотлар базалари давлат реестрида рўйхатдан ўтказилиши шартлиги белгиланган.
Бу эса ижтимоий тармоқлар ва интернет компаниялар Ўзбекистон Республикасида қонуний фаолият юритишни истаса, ўз техник воситаларини Ўзбекистон ҳудудига ўтказишлари шартилигини ёки белгиланган тартибда маъмурий ёхуд жиноий жавобгарликка тортилишлари мумкинлигини англатади.
Шунингдек, айрим фойдаланувчиларнинг таъкидлашича, Facebook ва Twitter’да ҳам айрим узилишлар кузатилмоқда. Носозликларнинг юқоридаги талабномаларга қанчалик алоқадорлиги номаълум.
LiveБарчаси