Яна бир ташкилот амалдорлари йилига 400 млн гача маош олаётгани айтилмоқда
Жамият
−
16 Май 2023
35263Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги яна бир ташкилот – Ўзбекистон миллий метрология институтининг директоридан тортиб юристигача юқори маош олгани ҳақида маълумот тарқалди. Интернетга сиздирилган рўйхатда институт директорининг бир йил давомида 272 миллион, бош бухгалтерининг 303 миллион, юристининг 402 миллион ҳамда бўлим бошлиқларининг 141 ва 148 миллион сўмдан ойлик маош олгани қайд этилган. Ҳолат юзасидан QALAMPIR.UZ журналисти институт матбуот котиби билан боғланди.
“Бу ерда чораклик, ойлик ва давлат байрамлари муносабати билан бериладиган мукофот пуллари ҳамда меҳнат таътили бўйича тўланадиган тўловлар кирган. Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ходимлар эътирозига аниқлик киритиш мақсадида ишчи гуруҳ тузган”, дейди институт вакили.
Унга кўра, рўйхатда ходимларнинг ойлик иш ҳақи, ойлик мукофот, ҳар чоракда бериладиган мукофот (бир йилда 4 та), байрам пуллари (давлат байрамлари бир йилда 8 та), қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун моддий ёрдам (“картошка пули”), шунингдек, меҳнат таътили учун тўловлар мос келган ойлар акс эттирилган.
Бундан ташқари, амалдаги меҳнат қонунчилигига мувофиқ, рўйхатда акс эттирилган аксарият ходимларнинг (2022 ва 2023 йиллардаги) кетма-кет икки йиллик меҳнат таътили ҳамда унга қўшимча бир ойлик лавозим маоши тўловлари белгиланган тартибда тўланганлиги келтирилган.
Таъкидланишича, ходимларга Институт фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш мезонларини шакллантиришдаги ва бундан келиб чиқиб фаолиятни такомиллаштириш бўйича таклифлар ва чора тадбирлар ишлаб чиқишда ўз ҳиссасини қўшган ҳамда тегишли халқаро тадбирларни (учрашув, йиғилиш, конференция ва ҳ.к.) ташкиллаштиришдаги фаол иштироки, алоҳида ташаббусслари учун рағбатлантириш амалга оширилади. Буларнинг барчаси Институтнинг низоми доирасида амалга оширилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги яна бир бошқа ташкилот – “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” (ЎзТест)нинг раҳбари ва бухгалтери ҳам юқори маош олгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Унга кўра, муассаса бош бухгалтери январь-февраль ойларида умумий 469 млн сўм, раҳбари эса 136 млн сўм ойлик олгани кўрсатилган эди.
Кейинчалик бу хабар рост экани тасдиқланиб, ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборилганди ва натижада ЎзТестнинг раҳбари ишдан олинганди.
LiveБарчаси