“Отнинг калласидек” ойлик олган ЎзТест директори лавозимидан “учди”
Жамият
−
12 Май 2023
33404Ижтимоий тармоқларда жуда юқори маош олгани учун кўплаб эътирозларга сабаб бўлган Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” (ЎзТест) давлат муассасаси директори Жамшид Ғаниев ишдан олинди. Ғаниев ва муассасанинг бошқа мулозимлари устидан тегишли ташкилотлар томонидан ўрганиш олиб борилмоқда. Бу ҳақда агентлик матбуот котиби Абдурауф Расулов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Унга кўра, Ўзтест директори Жамшид Ғаниев ишдан олиниб, Жасур Ниғматович Шукуров марказнинг директори этиб тайинланган.
Берилган маълумотга кўра, раҳбар ходимлар томонидан юқори маошлар олингани бўйича тегишли ташкилотлар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, ЎзТестнинг бошқа масъул лавозимдаги ходимларининг ҳам ишдан олиниш-олинмаслиги бўйича маълумот тўпланмоқда.
Жасур Шукуров айни пайтгача Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг бош директори ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” давлат муассасаси бош бухгалтери январь-февраль ойларида умумий 469 млн сўм, ташкилот раҳбари эса йилнинг дастлабки икки ойида 136 млн сўм ойлик олгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ушбу хабарлар фонида ижтимоий тармоқларда бошқа бир жадвал нусхаси, яъни ташкилотнинг юқори маош оладиган бошқа юқори лавозимли ходимлари ҳақида маълумот тарқалди. Уларнинг орасида 30 миллиондан тортиб 468 миллион сўмгача ойлик олган ходимларнинг рўйхати келтирилган. Кейинчалик агентлик томонидан муассаса директори ва бухгалтери билан боғлиқ ҳолат бўйича ишчи гуруҳ тузилгани хабар қилинган эди.
Ишчи гуруҳ ўрганишлар жараёнида раҳбарларнинг юқори ойлик маоши олгани бўйича тегишли ҳужжатларни тўплагани ва айни пайтда Бош прокуратурага вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида топширгани маълум қилинганди.
Шунингдек, ташкилот ичидаги бир нечта ходимлар раҳбарларнинг маблағ ўзлаштиришлари ортидан ишчиларнинг ойлигида чекловлар юзага келгани ҳақида маълум қилди. Кейинчалик агентлик мазкур хабар юзасидан муносабат билдириб, ходимларнинг ойлик маоши чекланаётгани ҳақидаги хабарни рад этган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь