Яна бир халқаро қидирувдаги ўзбекистонлик Туркиядан депорт қилинди
3-саҳифа
−
21 Февраль
9338Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан қидирувда бўлган Саидумархон Мусаев жорий йилнинг 20 февраль куни Бош консулхона ходимлари иштирокида Истанбул халқаро аэропортидан Ўзбекистонга депортация қилинди. Бу ҳақда Бош консулхона ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 1976 йилда туғилган Мусаев фирибгарлик жиноятини содир этганликда айбланиб, Туркия ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинган.
"Ушбу шахснинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига ёки Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиши сўралади", дейилган бу ҳақдаги хабарда.
Шунингдек, жиноятга қарши курашиш мақсадида Туркия ҳудудида ҳамкорликдаги тадбирлар тизимли равишда давом эттирилаётгани қўшимча қилинган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда халқаро одам савдоси жинояти доирасида қидирувга берилиб, “Мадам Клод” тахаллуси билан танилган Нилуфар Мирханова, фирибгарлик айблови билан халқаро қидирувда бўлган ва Туркияда қўлга олинган Ўзбекистон фуқароси Рита Халилова, фуқароларнинг кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштиришда айбланиб, Туркияда қўлга олинган яна икки ўзбекистонлик, кейинроқ эса одам савдоси жиноятини содир этганликда айбланган Мунисахон Алижонова Тошкентга депортация қилинганди.