Қидирувда бўлган яна икки ўзбекистонлик Туркиядан депорт қилинди
3-саҳифа
−
31 Январь
10721Фуқароларнинг кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштиришда айбланиб, Туркияда қўлга олинган яна икки ўзбекистонлик Ўзбекистонга депортация қилинди. Бу ҳақда Истанбулдаги бош консулхона матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Туркия Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда фуқароларнинг кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштиришда айбланиб, 2022 йилдан буён Ўзбекистон ИИВ томонидан қидирувда бўлган Фахриддин Шакарбоев (1965 йилда туғилган) ҳамда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишда айбланиб, 2018 йилдан буён қидирувда бўлган Ҳумоюнбек Мардонов (1992 йилда туғилган) 12 январь куни Истанбулда қўлга олинган.
30 январь куни ушбу фуқаролар бош консулхона дипломатлари иштирокида Истанбул аэропортидан Ўзбекистонга депортация қилинди.
“Мазкур шахсларнинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролар Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонасига ёки Ўзбекистон ИИВга мурожаат қилишлари сўралади”, дейилади хабарда.
Қўшимча қилинишича, Туркияда ҳамкорликдаги тезкор-қидирув тадбирлари тизимли равишда давом эттирилади.
LiveБарчаси