Яманда “Al Arabiya” мухбирининг автомобили портлатиб юборилди
Олам
−
25 июн 1094 2 дақиқа
Саудия Арабистонининг “Al Arabiya” телеканалининг Яманда фаолият юритган мухбири Муҳаммад Айда автомобилга ўрнатилган бомба портлаши оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда бугун, 26 июнь куни “Reuters” хабар қилди.
Қайд этилишича, “Al Arabiya” ва унинг ҳамкор канали “Al Hadath” учун ишлаган яманлик журналист Муҳаммад Айда кеча, 24 июнь куни кечқурун мамлакатнинг шарқий қисмидаги Ҳадрамаут вилояти маркази Мукалла шаҳрида ўлдирилган.
“Al Arabiya”нинг хабар беришича, Мукалла хавфсизлик идоралари тахминан бир ой аввал журналистни унинг ҳаёти хавф остида экани ҳақида огоҳлантирган. Бироқ таҳдиднинг манбаси ҳақида батафсил маълумот берилмаган. Ҳозирча ҳужум учун жавобгарликни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмаган.
Журналистнинг ўлдирилиши мамлакатдаги сиёсий вазият янада таранглашган бир пайтга тўғри келган. Ноябрь ва январь ойлари оралиғида Саудия Арабистони қўллаб-қувватлайдиган, халқаро миқёсда тан олинган Яман ҳукуматига қарашли кучлар ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари қўллаб-қувватлайдиган жанубий сепаратистлар ўртасида тўқнашувлар юз берган эди. Ушбу жанглар давомида Мукалла шаҳри бир неча бор назоратдан назоратга ўтган. Ҳозирда шаҳар Саудия қўлловидаги ҳукумат кучлари назорати остида турибди.
Яман Президентлик раҳбарлик кенгаши раиси журналист ўлими юзасидан юқори даражадаги қўшма тергов комиссиясини тузиш бўйича кўрсатма берган. У давлат айбдорларни аниқлаш ва жавобгарликка тортиш учун барча имкониятлардан фойдаланишини билдирган.
Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси маълумотларига кўра, Яман дунёда журналистлар учун энг хавфли мамлакатлардан бири бўлиб қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроилнинг Ливанга ҳужуми оқибатида камида 5 киши, жумладан, 1 нафар журналист ҳалок бўлган эди.
Live
Барчаси