Яхши футболчиларсиз “тики-така” ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас – Куман
Спорт
−
21 Сентябрь 2021
3139“Барселона”нинг ўйин услуби ўзгаряпти ва анъанавий “тики-така” учун ижрочилар етарли эмас. Клуб бош мураббий Рональд Куман “Гранада”га қарши ўйиндан кейин шундай фикр билдирди.
“Жамоа таркибини кўриб чиқишда нималарга эътибор бериш кераклигини яхши биламан. Майдон марказида бўшлиқ ва якка курашларда ғалаба қозонадиган ёки юқори тезликда ўйнайдиган футболчилар бўлмаса, “тики-така” ўйнаш ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Бу ҳақда бошқа нарса демайман, чунки ҳеч ким билан баҳслашишга вақтим йўқ”, дейди Куман.
“Барселона” ва “Гранада” ўртасидаги учрашув 1:1 ҳисобида якунланди. Рақибларидан битта кам ўйин ўтказган “кўк-анорранглилар” 4 ўйиндан сўнг, 8 очко тўплаган ҳолда мусобақа жадвалининг 7-поғонасини эгаллаб турибди. “Гранада” 17-ўринда бормоқда ва жамоа ҳисобида 2 очко мавжуд.
Аввалроқ, “Барселона” президенти Жоан Лапорта бош мураббий Рональд Куманни истеъфога чиқармоқчилиги ҳақида хабар берган эдик. Лапорта жамоага “Ювентус” собиқ устози Андреа Пирлони бош мураббий этиб тайинлашни мақсад қилган.
Эслатиб ўтамиз, аслида “тики-така” анъанавий фикрлаш тарзидан воз кечиб, майдон бўйлаб ҳаракатланишни ўз ичига оладиган услуб ҳисобланади. Қисқа пас ва тўпнинг майдоннинг турли соҳаларида ҳаракатланишига, шунингдек, доимо тўпга эгалик қилишга асосланган испан футбол тактикасидир. “Барселона”да шунга ўхшаш услуб Пеп Гвардиола бошчилигида ишлаб чиқилган. Унинг илдизлари 1990 йилларнинг бошларида Йохан Кройф томонидан “Барселона”га жорий этган ўйин услубига бориб тақалади.