Ўзбекистон Яқин Шарқдаги фуқароларини ҳимоя қилиш учун нималар қилмоқда?
Жамият
−
03 Октябрь
5882Сўнгги пайтларда Яқин Шарқ минтақасида вазият кескинлашмоқда. Эроннинг Исроилга ракета ҳужумидан сўнг жавоб зарбаси йўлланиши ва бунинг ортидан вазият янада чигаллашиши хавфи ортиб бормоқда. Бундай шароитда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вазиятни доимий равишда кузатиб бормоқда. Бу ҳақда ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов маълум қилди.
“Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, ушбу мамлакатдаги ватандошларимиз билан алоқани мустаҳкамлаб, кучайтирилган тартибда ишламоқда”, дейди у.
Билдирилишича, элчихона веб-сайти ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида шахсий хавфсизлик бўйича тавсиялар тарқатилмоқда. Хусусан, ракета ҳужумлари пайтида бомба бошпаналарига беркиниш, расмий ахборотларга риоя қилиш, шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар ва Ўзбекистон элчихонасининг алоқа маълумотларини доимо олиб юриш зарурлиги бўйича тегишли маълумотлар бериб борилмоқда.
“Ёрдам ёки маслаҳатга муҳтож фуқаролар дипломатик миссияга 24/7 тартибида ижтимоий тармоқлар ва телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкин. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вазиятни доимий равишда кузатиб бормоқда”, дейди Бурҳонов.
Маълумот учун, жорий йилнинг 1 октябрь куни кечқурун Эрон Исроилга ракеталар билан зарба берганди. Исроил армияси радиоси Эрондан Исроилга 200 га яқин ракета учирилганини айтди. Кейинроқ Исроил ҳарбийлари аниқ овоз чиқариб, аҳоли ўз бошпаналарини эркин тарк этишларини билдирди. Исроил Эронга “оғриқли жавоб” беришга ваъда берди. Исроил нашрлари армия бугун, 2 октябрь куни тунда бутун Яқин Шарқ бўйлаб кучли зарба бериши кутилаётганини ёзди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Flynas” ва “Qeshm Air” авиакомпаниялари Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашуви ва Эрон устидаги ҳаво ҳудудининг бир қисми ёпилиши муносабати билан Ўзбекистонга парвозларни вақтинча тўхтатди. Шунингдек, Қозоғистон авиакомпанияларига ҳам Эрон ҳаво ҳудуди орқали парвоз қилмаслик тавсия қилинди. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ҳам кеча, 2 октябрь кунидан бошлаб Яқин Шарқдаги нотинч вазият сабаб хавфсизликни таъминлаш мақсадида парвозларни Ироқ ва Эрон ҳаво ҳудудларини айланиб ўтган ҳолда амалга оширмоқда.
LiveБарчаси