Қозоғистон авиакомпанияларига Эрон устидан парвоз қилмаслик тавсия этилди
Олам
−
02 Октябрь
3521Яқин Шарқдаги ҳарбий вазият кескинлашгани сабабли Қозоғистон авиакомпанияларига Эрон ҳаво ҳудуди орқали парвоз қилмаслик тавсия қилинди. Бу ҳақда мамлакатнинг Фуқаро авиацияси қўмитаси хабар берди.
“Қозоғистон авиакомпанияларига Эрон ҳаво ҳудуди орқали парвоз қилмаслик ва муқобил йўналишларни танлаш, шунингдек, тегишли минтақада парвозлар бўйича аввал берилган кўрсатмалар ва тавсияларга амал қилиш тавсия этилади”, дейилган хабарда.
“Air Astana” авиакомпанияси Дубайга парвозларни Эрон ҳаво ҳудудини айланиб ўтиб амалга оширишини маълум қилди. Остона ва Олмаотадан Дубайга парвоз йўналишларини ўзгартириш парвоз вақтини оширади.
Авиакомпания Жиддага рейсларни ўзгартиришларсиз амалга оширади, бироқ можаро авж олган тақдирда, бу борадаги фикрни қайта кўриб чиқишга тайёр.
“Fly Arystan” Яқин Шарқдаги вазият уларнинг халқаро ва чартер рейслари жадвалига таъсир қилмаслигини қўшимча қилди, чунки улар Эрон ҳаво ҳудуди ва бошқа тақиқланган ҳудудлардан ўтмайди.
Айни пайтда Ички ишлар вазирлиги Исроил дипломатик объектлари қандай ҳимояланганлигини тушунтирди.
“Элчихоналар ҳар доим полиция ҳимоясида. Барча диний обидалар ҳам узоқ вақтдан бери ички ишлар органлари назорати остида бўлиб, патруль йўналишлари бу жойларга яқин жойлашган. Бундан ташқари, тезкор бошқарув марказлари камералари ёрдамида қўшни ҳудудда видеокузатув амалга оширилмоқда”, дейилади департамент хабарида.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 1 октябрь куни тунда Эрон Исроилга қарши катта ҳужум уюштирганди. Исроил Мудофаа кучлари Эрондан Исроилга баллистик ракеталар учирилганини айтди. Тель-Авивда, Ўлик денгиз яқинида, мамлакат жанубида ва Шарон минтақасида кўплаб шрапнель ва ракета зарбалари қайд этилган.
Бу ҳужумни тарихдаги энг йирик ҳужум деб атаган Исроилнинг “The Jerusalem Post” газетасига кўра, Исроилга жами 500 га яқин ракета учирилган. Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён ракета зарбаси Эрон манфаатлари ва фуқароларини ҳимоя қилиш учун йўлланганини айтди. У 1 октябрдаги операция "Эрон кучининг фақат бир қисми" эканини таъкидлади. Иордания АҚШ кучларига араб мамлакати ҳаво ҳудудида Эрон ракеталарини уриб туширишга рухсат берди.
LiveБарчаси