Ўзбекистон самолётлари Ироқ ва Эрон ҳаво ҳудудидан вақтинча ўтмайди

Жамият

image

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” кеча, 2 октябрь кунидан бошлаб Яқин Шарқдаги нотинч вазият сабаб хавфсизликни таъминлаш мақсадида парвозларни Ироқ ва Эрон ҳаво ҳудудларини айланиб ўтган ҳолда амалга оширмоқда. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, парвозлар Ироқ ҳаво ҳудуди, шунингдек, Эрон ғарбий қисмини айланиб ўтган ҳолда ташкил қилинади. Фуқаро авиацияси агентлиги бу кўрсатмани фуқаро ҳаво кемалари парвозларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида берди. Авиакомпания самолётлари аниқ кўрсатмага қадар шу кўринишда учади.

Компания, шунингдек, муқобил йўналишлардан фойдаланган ҳолда Тошкент – Тель-Авив – Самарқанд/Тошкент йўналиши бўйича мунтазам авиақатновларни давом эттиради.

Маълумот учун, жорий йилнинг 1 октябрь куни кечқурун Эрон Исроилга ракеталар билан зарба берганди. Исроил армияси радиоси Эрондан Исроилга 200 га яқин ракета учирилганини айтди. Кейинроқ Исроил ҳарбийлари аниқ овоз чиқариб, аҳоли ўз бошпаналарини эркин тарк этишларини билдирди. Исроил Эронга “оғриқли жавоб” беришга ваъда берди. Исроил нашрлари армия бугун, 2 октябрь куни тунда бутун Яқин Шарқ бўйлаб кучли зарба бериши кутилаётганини ёзди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Flynas” ва “Qeshm Air”  авиакомпаниялари Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашуви ва Эрон устидаги ҳаво ҳудудининг бир қисми ёпилиши муносабати билан Ўзбекистонга парвозларни вақтинча тўхтатди. Шунингдек, Қозоғистон авиакомпанияларига ҳам Эрон ҳаво ҳудуди орқали парвоз қилмаслик тавсия қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Яқин Шарқ “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Ироқ ва Эрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг