Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш истиқболлари барбод бўлиш арафасида – Хитой

Олам

image

Фаластин-Исроил можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш истиқболлари барбод бўлиш арафасида. Бу ҳақда Хитойнинг БМТдаги доимий вакили Чжан Цзюнь Ғазо секторида Исроил ҳарбийларининг қуруқликдаги операциялар кўламини кенгайтириши муносабати билан чақирилган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида сўз очди. 

“Биз ҳаёт ва мамот ёқасида турган Ғазо халқига чуқур ҳамдардмиз. Шунингдек, биз Яқин Шарқда барбод бўлиш арафасида турган тинчлик жараёни истиқболидан хавотирдамиз”, деган Хитой вакили. 

У ҳар икки томонни зудлик билан барча ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга, гуманитар сулҳ ўрнатишга ва вазият янада авж олишига йўл қўймаслик учун ҳаракат қилишга чақирган.

“Хитой, шунингдек, ушбу можарода таъсирга эга бўлиши мумкин бўлган барча томонларни ўз манфаатларини, шунингдек, геосиёсий мулоҳазаларни четга суриб, урушни тўхтатиш ва тинчликни тиклаш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга чақиради”, деган Чжан Цзюнь.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 октябрь куни Хитой БМТ Хавфсизлик кенгашида Яқин Шарқ бўйича Россия томонидан таклиф қилинган резолюцияни қабул қилиниши учун овоз берганди. Бироқ ҳужжат етарлича овоз олмагач, қабул қилинмади. 18 октябрь куни Бразилиянинг бу борадаги резолюцияси учун ҳам Хитой овоз берди, бироқ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлган АҚШ унга вето қўйди. 25 октябрь куни эса АҚШ БМТ Хавфсизлик кенгашида Яқин Шарқ бўйича ўз резолюциясини тақдим этди, бироқ бу сафар Хитой ва Россия унга вето қўйди. 28 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси бир гуруҳ араб давлатлари томонидан тайёрланган Фаластин-Исроил можароси ҳудудида зудлик билан сулҳ тузишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди. Бош Ассамблеяда Хитой мазкур резолюциянинг қабул қилиниши учун овоз берди. АҚШ бунга қарши чиққан бўлишига қарамай, овозлар сонидаги устунлик сабаб ҳужжат қабул қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой БМТ Фаластин Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг