“Яги” тўфони Вьетнамга ҳам етиб борди. 20 дан ортиқ қурбон бор (видео)
Олам
−
09 Сентябрь
3978Вьетнам шимолида “Яги” тўфони келтириб чиқарган кўчки ва сув тошқинлари камида 24 кишининг ҳаётига зомин бўлди ва яна 299 киши жароҳат олди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, 7 сентябрь куни мамлакатнинг шимоли-шарқий қирғоқларига урилган тўфон бу йил учун Осиёдаги энг кучлиси бўлган. Ҳукумат эълон қилган баёнотга кўра, табиий офат мамлакатнинг бир қанча ҳудудларида, асосан Куангнинь ва Хайфонда электр таъминоти ва телекоммуникациялар узилиб қолишига сабаб бўлган.
Бугун, 9 сентябрь куни Об-ҳаво агентлиги яна сув тошқинлари ва кўчкилар юз бериши ҳақида огоҳлантириб, сўнгги 24 соат ичида минтақанинг бир неча қисмида ёғингарчилик миқдори 208 миллиметрдан 433 миллиметргача етганини маълум қилди.
“Тошқин ва кўчкилар атроф-муҳитга зарар етказмоқда ва одамлар ҳаётига таҳдид солмоқда”, дейилади Гидрометеорология прогнози миллий маркази ҳисоботида.
Қайд этилишича, айни пайтда тошқин хавфи Лангшон, Каобанг, Йенбай ва Тайнгуен провинцияларида юқори.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Яги” тўфони Хитойнинг Хайнань орол-провинциясига (Жанубий Хитой) келиб урилиши оқибатида камида 2 киши ҳалок бўлгани, 92 киши турли даражада жароҳат олгани хабар қилинган эди.