“Яги” тўфони оқибатида Вьетнамда кўприк қулаб тушди (видео)
Олам
−
10 Сентябрь
4902Вьетнам шимолини қамраб олган “Яги” тўфони давом этмоқда. Кеча, 9 сентябрь куни Фу Тхо провинциясидаги гавжум Фонг Чау йўл кўприги қулаб тушди, оқибатда 10 та автомобиль ва иккита скутер Хон Ха дарёсига тушиб кетди. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.
Нашрга кўра, 375 метр узунликдаги кўприкнинг бир қисми ҳозирча қуламаган, аммо ёмон об-ҳаво шароитида реставрация ишлари олиб борилиши тўғрисида маълумот йўқ. Ҳарбийларга имкон қадар тезроқ понтон кўприги қуриш бўйича кўрсатма берилган.
“Дарёга тушиб кетган уч киши қутқариб олинди, 13 киши бедарак йўқолган”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, “Яги” тўфони бу йил учун Осиёдаги энг кучлиси бўлиб, шамол тезлиги соатига 203 километрга етмоқда. Охирги маълумотларга кўра, қурбонлар сони 60 дан ошди. Ҳалок бўлганлар орасида 68 ёшли аёл, бир ёшли бола ва янги туғилган чақалоқ ҳам бор. Тўфон уйларнинг томини учириши ва дарахтларни қўпориши оқибатида 300 га яқин киши жабрланган. Мамлакат шимолида 1,5 миллионга яқин аҳоли электр энергиясиз қолган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу тўфон келтириб чиқарган кўчки ва сув тошқинлари камида 24 кишининг ҳаётига зомин бўлгани ва яна 299 киши жароҳат олгани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси