Вояга етмаган шахсларнинг “судланмаган” деб ҳисобланиши белгиланмоқда
Жамият
−
02 Август 2472 2 дақиқа
18 ёшга тўлгунига қадар содир этган ўта оғир бўлмаган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланиши белгиланмоқда. Бу ҳақда кеча, 1 август куни Олий Мажлис Сенатининг 9-ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунда сўз боради.
Қайд этилишича, кейинги йилларда Ўзбекистонда болаларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини давлат томонидан кафолатлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Статистик рақамларга кўра, мамлакатда 2023 йилда 1 911 нафар, 2024 йилда 2214 нафар вояга етмаган шахс жиноий жавобгарликка тортилган ва судланган. Ўтган йилда ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар 1 238 та, унча оғир бўлмаган жиноятлар сони эса 855 тани ташкил қилган.
Мазкур қонун “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга доир Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Қонун билан Жиноят кодексининг бир қатор моддаларига қўшимча ва ўзгартиш киритилмоқда.
Жумладан, 18 ёшга тўлгунига қадар содир этган ўта оғир бўлмаган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланиши белгиланмоқда. Шунингдек, қонунда вояга етмаганларга нисбатан озодликни чеклашнинг ҳамда озодликдан маҳрум қилишнинг энг кам муддати 6 ойдан 1 ойгача қисқартирилиши назарда тутилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонун вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарликни янада либераллаштиришга хизмат қилади ва ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахсга ҳаётини судланганлик тамғасидан холи тарзда давом эттириши учун шароит яратади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланган.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь