“Вини, сен маймунсан”. FIFA Винисиус можаросидан сўнг қоидаларни ўзгартириши мумкин
Спорт
−
21 Февраль 8044 2 дақиқа
Халқаро футбол федерацияси (FIFA) аъзоси Микаэль Сильвестр “Реал Мадрид” футболчиси Винисиус Жуниор ва “Бенфика” футболчиси Жанлука Престианни иштирокидаги ирқчилик билан боғлиқ можародан сўнг қоидаларни қайта кўриб чиқиш кераклигини айтди. Бу ҳақда “The Sunday Guardian” нашри маълум қилди.
Манбага кўра, FIFA мулозими ташкилот майдонда ҳақоратли сўзларни аниқлаш мақсадида имо-ишоралардан фойдаланадиган футболчиларга нисбатан санкциялар қўллаш масаласини кўриб чиқаётганини маълум қилган.
Сильвестрнинг таъкидлашича, жамоадошлар ўртасидаги оддий тактик мулоқот билан ҳақоратли сўзлар ўртасида аниқ чегара бўлиши зарур. У майдонда қайси ҳаракатлар мақбул, қайсилари эса номақбул эканини белгилашда ҳакамлар билан очиқ мулоқот муҳим аҳамият касб этишини қайд этган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 17 февраль куни Чемпионлар лигасида “Реал Мадрид” сафарда “Бенфика”ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувдаги ягона гол муаллифи Винисиус бўлди. Голдан сўнг бразилиялик футболчи “Бенфика” ярим ҳимоячиси Жанлука Престианнини билан тортишиб қолди ва ҳакамга ирқчилик ҳақоратлари бўйича шикоят қилди. Шундан сўнг ўйин қарийб 10 дақиқага тўхтатилди.
Винисиус бир муддат тарк этди, бироқ мураббийлар штаби уни ўйинни давом эттиришга кўндирди. Орадан бир кун ўтиб, UEFA Интизом қўмитаси воқеа юзасидан текширув бошлаганини маълум қилди.
Ушбу жамоалар ўртасидаги жавоб учрашуви жорий йилнинг 25 февраль куни Мадрид шаҳридаги “Сантьяго Бернабеу” стадионида бўлиб ўтади.
Live
Барчаси