“Vinera Tower” Тошкентда 6 туп дарахтни нобуд қилди

Жамият 2680
image

Тошкентдаги собиқ Бобур, ҳозирги “Дўстлик” боғи яқинида Қонунга зид равишда 6 туп қимматбаҳо ва кам қимматли дарахтлар рухсатномасиз, бошқа жойга кўчириб ўтказилган. Дарахтлар нобуд бўлиши оқибатида ўсимлик дунёсига 218 млн зарар етказилган. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.

Ярим тунда экология қўмитасига Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Шота Руставели кўчаси “Дўстлик” боғи яқинидаги қурилиш объектида дарахтлар кесилгани юзасидан маълумот келиб тушган. Аниқланишича, дарахтлар 2 ой аввал қурилиш ҳудудида 22 туб дарахт борлиги ва уларни рухсатсиз кесмаслик билан огоҳлантирилган "Vinera Tower" МЧЖ томонидан нобуд қилинган.

“Жорий йилнинг 27 сентябрь куни Яккасарой тумани экология бўлими ходимлари томонидан қурилиш ҳудудида хатлов ўтказилган ва қурилиш ҳудудида 22 туп кўп йиллик дарахтлар мавжудлиги аниқланган. Мутахассислар томонидан дарахтларни кесмаслик бўйича қурилиш ташкилотига мажбурий кўрсатма берилган.

Шунга қарамасдан МЧЖ томонидан 2022 йилнинг 21 ноябрь куни 2 туп қимматбаҳо ва 4 туп кам қимматли бўлган жами 6 туп дарахт тегишли рухсатномасиз, қонунчиликка зид равишда бошқа жойга кўчириб ўтказилгани оқибатида дарахтлар нобуд бўлган. 

Шунингдек, қурилиш учун котлован қазилиши натижасида 4 туп дарахтнинг илдизига шикаст етказилгани аниқланди. Ҳозирда қурилиш ишлари бошланган ҳудудда 16 туп манзарали дарахтлар мавжуд. 

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ўсимлик дунёсига 218 млн 370 минг сўм миқдорида зарар етказилган. Тўпланган материаллар тегишли тартибда расмийлаштирилиб, туман прокуратурасига тақдим этилди”, дейилади экология қўмитаси маълумотида.

Дарахтларнинг ноқонуний кесилиши Ўзбекистон Республикаси “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунининг 32, 37-моддалари талабини бузиш ҳисобланади. Қонун талабига кўра, қурилиш лойиҳаларини амалга оширишдан олдин экологик меъёрий лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, ҳамда мажбурий тартибда Давлат экологик экспертизасидан ўтказиш белгиланган. Аниқланишича, мазкур қурилиш объекти Давлат экологик экспертиза хулосаси олмаган ҳолда қурилиш ишларини бошлаган. 

Экология қўмитасининг қўшимча қилишича "Vinera Tower" МЧЖ “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун талабини биринчи марта бузаётгани йўқ. 2022 йилнинг 23 март куни МЧЖ ҳудуддаги 6 туп дарахтни ноқонуний кесгани ўсимлик дунёсига 430 млн 515 минг сўм миқдорида зарар етказилгани аниқланган. Ҳолат Тошкент шаҳар экология бошқармаси томонидан тегишли тартибда расмийлаштирилиб, туман прокуратурасига тақдим қилинган ва етказилган зарарни ундириш учун 2022 йилнинг 16 сентябрида Тошкент туманлараро иқтисодий судининг ажрими чиқарилган.

Феруза Нажмиддинова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 31
Рейтинг: 3.3
Теглар
t
×