Виктор Бут яна қурол бизнесига қайтди
Олам
−
07 Октябрь
8698Колумбиянинг ўта сўл Колумбия инқилобий қуролли кучлар гуруҳига қурол сотиш бўйича фитнада иштирок этгани учун АҚШда 25 йилга қамалган Россия фуқароси Виктор Бут халқаро қурол савдосига яна қайтди. Бу ҳақда кеча, 6 октябрь куни номи ошкор этилмаган Европа хавфсизлик хизматларидаги манбаси ва бошқа шахсий манбаларга таяниб, “The Wall Street Journal” газетаси хабар берди.
Қайд этилишича, “қурол барони” ва “ўлим савдогари” деб ном олган Бут энди Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Яман ҳусийларига ўқ отиш қуролларини сотишда воситачилик қилишга уринмоқда.
“Ҳусийлар вакиллари август ойида Москвага 10 миллион долларлик Калашников автоматларини сотиб олиш бўйича музокаралар ўтказиш учун борганларида, улар таниш чеҳрани – мўйловли Бутни учратган”, деб ёзади газета.
Манбага кўра, АК-47 милтиқларини Яманнинг Ходейда портига озиқ-овқат ниқоби остида олиб келиш режалаштирилмоқда. Октябрь ойида етказиб бериш бошланиши кутилмоқда. WSJ қайд этганидек, аввалроқ ушбу портга Россиядан бир нечта дон юклари келган.
Газета маълумотларига кўра, Россиянинг кемага қарши ёки ҳавога қарши ракеталарини сотиш ҳақида гап йўқ, бу АҚШ ҳарбийларининг Сувайш канали ва Қизил денгиздаги ҳусийларнинг халқаро юк ташишларини ҳимоя қилиш ҳаракатларига жиддий таҳдид солиши мумкин.
Виктор Бут асли ким?
Тахминан 20 йил давомида Виктор Бут дунёдаги энг йирик ноқонуний қурол сотувчилардан бири бўлиб, уларни асосан Африка, Осиё ва Жанубий Америкадаги исёнчи гуруҳлар ва жангариларга сотган. 2008 йилда АҚШ Наркотикларга қарши кураш бошқармаси агентлари “Колумбия исёнчилари” ниқоби остида Бутни замонавий қурол-яроғларни етказиб бериш бўйича битим тузиш учун Бангкокка жалб қилди. Ўша йилнинг 6 мартида у Таиланд полицияси томонидан ҳибсга олинган ва 2010 йилнинг ноябрь ойи ўрталарида АҚШ расмийларига топширилган. 2012 йил 5 апрелда Нью-Йорк федерал суди Виктор Бутни 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.
2022 йил 8 декабрь куни Бут Абу-Даби аэропортида Россияда қамоққа олинган АҚШ терма жамоаси баскетболчиси Бриттни Грайнерга алмаштирилган. Ўша йилнинг март ойида Шереметьево аэропортида Екатеринбургнинг клубида ўйнаган Нью-Йоркдан Россия Федерациясига қайтган спортчининг юкидан гиёҳвандлик мойи билан тўлдирилган иккита электрон буғлантирувчи восита топилган. Шундан сўнг Грайнер гиёҳванд моддалар контрабандаси моддаси бўйича 9 йилга умумий режимдаги колонияга ва 1 миллион рубль миқдорида жаримага ҳукм қилинганди.