Видео: Юнусободликлар ҳокимдан уйларини бузишни сўраяпти

Жамият

Сўнгги вақтларда пойтахт Тошкентда амалга оширалётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари ҳақида сўз очилганда, бу иншоатлар кўпчиликнинг уйидан айрилиши, кўз ёшлари, норозлиги эвазига бунёд бўлаётгани ҳақида эшитиб қоламиз. Аслида ҳам шундайми? 

Тез орада Тошкентнинг Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманларида янги “Business city”лар қурилиши ҳақида хабар берган эдик. Албатта, бу мўжаз шаҳарчалар ҳам қайсидир уйлар, керак бўлса, маҳаллалар ўрнига тушади. Хўш, одамлар бунга розими?

Тошкент шаҳар ҳокимияти олиб борилаётган ислоҳотларнинг шаффофлиги ва очиқлигини кўрсатиш, қурилиш ва ободонлаштириш кетаётган ҳудудлардаги аҳолининг турмуш даражаси кун сайин пасайиб бораётгани, улар уйлари бузилишига рози эканини тасвирлаш мақсадида “Mirzo Ulugbek Business City” ва “Yunusobad Business City” лойиҳалари тақдимотида юқоридаги видеолавҳани эълон қилди. 

Унда Юнусобод тумани Янги шаҳар ва Чинобод кўчалари оралиғида жойлашган маҳаллаларда яшовчи аҳолининг фикри ёритилган. 

Аҳоли мазкур ҳудудларда экси, пана-пастқам уйларда яшаб келаётгани, буларни тиклаш, янги бинолар қуриш, таъмирлаш учун ортиқча маблағи йўқлиги, кўчалар торлиги, ҳатто, канализация йўқлигидан қийналишларини айтаркан, уйлари бузилиб, давлат томонидан бошқа уйга кўчиришларига рози эканларини қайд этишади. 

 

Ушбу видеода шундай гаплар қулоғингизга чалинади:

— Орзуларимиз кўп: яхши жойга бориб яшасак, келин туширсак. Тор уйларга ким меҳмон чақиради. Битта меҳмон келиб қолса, ўзимиз уяламиз. Тошкентда шунақа уйлар ҳалиям борми, деб қариндош-уруғлар сўрашади. 

— Ёмғир ёққанда ҳовлимизгача сув киради. Ёғингарчиликда дарвоза олдига ғишт тахлаб, устида хатлаб юрамиз. Биз ҳам яхши жой, яхши уйларда, ҳашаматли, обод маҳаллаларда яшашни яхши кўрамиз. 

— Тўғрисини айтганда, бу маҳалла санитар ҳолатга тўғри келмайди. Халқ қанча тозалагани билан тоза бўлмайди. Бунақа аҳволда қачонгача яшаймиз? Болаларимизни мактабга жўнатишимизга шароит керак. Масалан, мен ўғлимни уйлантира олмаяпман. 

— Бир уйда 12 киши яшаймиз. Уйимиз бир хона. Ҳаммомимиз йўқ, канализация йўқ. Канализация умуман бўлмаган. Умумий ҳожатхона қурганмиз, тўлиб қолса яна бошқа жойни кавлаймиз. 

Ваъда қилинишича, барча аҳоли ва бизнес вакилларининг кўчмас мулк объектлари қурилиш майдонига тушиб қолса, тегишли равишда пул маблағлари кўринишида ёки шаҳарнинг бошқа бир туманида шунга ўхшаш мулк кўринишида компенсация билан таъминланади.

Мазкур лойиҳалар доирасида замонавий “ақлли” ускуналар билан жиҳозланган меҳмонхоналар, кўп қаватли турар-жой бинолари, чакана савдо дўконлари, кўп тармоқли мажмуалар, идоралар, ижтимоий инфратузилма объектлари, қўп қаватли автомобиллар учун тўхташ жойлари ва қулай йўловчилар ўтиш йўлаклари қурилиши кўзда тутилган.  
 


Мақола муаллифи

Теглар

Юнусобод Yunusobad Business City Mirzo Ulugbek Business City Business city

Баҳолаганлар

159

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг