Венгрия ўзбекистонлик талабалар учун қўшимча грантлар ажратади

Жамият 2720
0d230085658c2967158db

Эндиликда 170 нафар ўзбекистонлик талаба Венгрияда таълим олиш имконига эга бўлади. Кеча, 4 май куни Тошкентда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ҳамда Венгрия Ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто ҳамраислигида Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияси йиғилишида шундай келишувга эришилди.

Унда икки мамлакат вазирлик ва идоралари ҳамда дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари иштирок этди. Ўзбекистон делегацияси таркибида вазир Абдуқодир Тошқулов ҳам қатнашди.

Учрашувда Ўзбекистонда Венгриянинг Дебрецен университети филиали фаолиятини йўлга қўйиш, таълим дастурларини Ўзбекистон олий таълим муассасаларига жорий этиш каби масалалар муҳокама қилинган.

Ҳужжатларни имзолаш маросимида Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ва Венгрия Ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сийярто “2020-2023 йилларда Венгрия стипендиялари (“Stipendium Hungaricum”) дастури доирасидаги ҳамкорлик бўйича англашув меморандумига ўзгартиш киритиш тўғрисида баённома”ни имзоладилар.

Унга кўра 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб, Венгрия томонидан ҳар йили ажратилаётган таълим грантлари сони 100 тадан 170 тага кўпаймоқда.

Маълумот ўрнида, 2020 йилда имзоланган тегишли меморандумга кўра, Венгрия ҳукумати томонидан Ўзбекистон фуқароларига ушбу хорижий мамлакат олий таълим муассасаларида бакалавр, магистратура ва докторантура босқичларида ўқиш учун йилига жами 100 тадан таълим грантлари ажратиб келинаётган эди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 70
Рейтинг: 3
Теглар
t
×