Венгрия ХЖС талабини бажармайди. Путинга Будапешт эшиклари очилади

Олам

image

Венгрия Россия Президенти Владимир Путиннинг Будапештга АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашув учун ташрифи вақтида Халқаро жиноий суд (ХЖС) чиқарган ҳибсга олиш ордери бўйича талабларни бажармайди ва Путин ҳибсга олинмайди. Бу ҳақда Венгрия Ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто ТАСС нашрига берган интервьюсида сўз очди.

“Биз Владимир Путинни бу ерда қабул қиламиз ва у муваффақиятли музокаралар ўтказиб, сўнгра уйига қайтишига шароит яратамиз”, деган Сийярто. 

Унинг сўзларига кўра, Венгрия ҳукумати АҚШ ва Россия Президентлари музокараларни хавфсиз ва тинч муҳитда ўтказиши учун барча зарур шароитларни таъминлайди.

Сийярто, шунингдек, Будапештда ўтадиган саммит бўйича Венгрия иттифоқчи давлатлар билан маслаҳатлашишни режалаштирмаслиги, бу масалада ҳеч кимдан рухсат сўрамаслигини таъкидлаган. 

“Биз ҳеч ким билан маслаҳатлашишга мажбур эмасмиз. Венгрия – суверен давлат”, дея ўз мамлакатининг позициясини кўрсатиб берган Сийярто. 

АҚШ Президенти Дональд Трамп 16 октябрь куни Россия Президенти билан Венгрияда учрашув режалаштирилаётганини эълон қилган эди.

Маълумки, Венгрия 1999 йилда Рим статутини имзолаган ва 2001 йилда ратификация қилган. Айнан шу ҳужжат асосида Халқаро жиноий суд фаолият юритади. Бироқ, 2023 йилдаёқ Венгрия ҳукумати Путиннинг ташрифи бўлса ҳам, уни қўлга олмаймиз, деган баёнот берган эди.

2025 йилда Будапешт ҳукумати ХЖС томонидан ҳибсга олиш ордери чиқарилган Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни ҳам мамлакатга таклиф қилган. Шу воқеа фонида Венгрия Халқаро жиноий суддан чиқиш жараёнини бошлаб юборган. Аммо 2025 йил октябрь ҳолатига кўра, бу жараён ҳали тўлиқ якунланмаган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 октябрь куни Россия Президенти Владимир Путин давлат ташрифи билан Тожикистонга борганди. Аммо Имомали Раҳмон ҳукумати Путинни ҳибсга олмади. Европа Иттифоқи Путинни ҳибсга олмагани учун Тожикистонни Халқаро жиноий суд талабларини бажармаганликда айблади. Сабаби Тожикистон 2002 йилдан бери Халқаро жиноий суд аъзоси саналади.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Венгрия Будапешт ХЖС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг