Венгрия Бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифи якунланди. Қандай келишувларга эришилди?
Жамият
−
31 Март 2021
4201Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Ўзбекистонга расмий ташрифини якунлаб, бугун Будапешт шаҳрига учиб кетди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Олий мартабали меҳмонни Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кузатиб қўйди.
Эслатиб ўтамиз, 29 март куни Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Ўзбекистон-Венгрия олий даражадаги музокараларида қатнашиш учун Тошкентга келди. Уни аэропортда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.
Венгрия Бош вазири Виктор Орбан расмий ташрифини анъанага кўра, Мустақиллик майдонидан бошлади. Бош вазир рафиқаси билан бирга Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.
Шундан сўнг Кўксаройда Венгрия Бош вазирини кутиб олиш маросими бўлиб ўтди ва тор доирадаги музокараларга киришилди.
Унда Президент Шавкат Мирзиёев меҳмонни мамлакатга ташрифи билан қутлаб, бу икки давлат ўртасидаги алоқаларда янги даврни бошлаб беришини таъкидлади.
Музокарада сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Кеча, 30 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан музокараларни кенгайтирилган таркибда, икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирди.
Унда Шавкат Мирзиёев Венгрия билан Минтақалар форумини ўтказиш таклифини билдирди.
Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Венгрия Бош вазири Виктор Орбанга венгриялик ёзувчи Аран Яношнинг асарини совға қилди.
Президент венгер ёзувчиси Аран Яношнинг “Ажойиб оҳунинг ҳикояти” асари ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилганини таъкидлади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазир Виктор Орбан музокаралар якунида икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларацияни имзолади.
Шунингдек, ташриф доирасида кўп қиррали шерикликни кенгайтиришга қаратилган 10 дан ортиқ ҳужжат имзоланди. Улар Ҳудудлараро ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим, Ташқи ишлар идоралари ўртасида 2021-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан Венгрия Ташқи ишлар ва савдо вазирлиги ўртасида англашув меморандуми, Меҳнат муносабатлари соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим, Атом энергетикаси соҳасида кадрлар тайёрлашда ҳамкорлик тўғрисида, Инновациялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандумлари, Маданият соҳасида ҳамкорлик дастури, Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари ва чорвачилик соҳаларидаги ҳамкорлик ривожлантириш бўйича “йўл харитаси”, Ирригация соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳадли битимлардир.
Қолаверса, 30 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Виктор Орбан Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида ташкил этилган Ўзбекистон-Венгрия Картошкачилик илмий марказига ташриф буюрди. Икки давлат раҳбари ушбу марказни очиб берди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь