Шавкат Мирзиёев Виктор Орбан билан Юқори Чирчиқдаги картошкачилик марказини очиб берди

Жамият

image

Бугун, 30 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Виктор Орбан Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида ташкил этилган Ўзбекистон-Венгрия Картошкачилик илмий марказига ташриф буюрдилар.

Ушбу илмий муассаса Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети билан ҳамкорликда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими негизида ташкил этилган.

“Давлат раҳбари бу тармоққа алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмас. Картошка аҳолининг кундалик истеъмол маҳсулотларидан биридир. Унинг сифатли ва арзон бўлиши ҳар бир оила фаровонлигига таъсир қилади”, дейилади Президент Матбуот хизмати хабарида.

Картошкага бўлган ички бозор талабини қондириш учун катта миқдорда уруғлик зарур. Хусусан, Ўзбекистонга истеъмол учун 200-300 минг тонна, уруғлик учун 17 минг тонна картошка четдан келтирилади.

Энди янги марказ Венгриядан келтирилган навларни синовдан ўтказиш ва уруғлик картошка ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Бу ерда маҳаллий ва хорижий навларни чатиштириш орқали картошка етиштиришнинг барча босқичларида сифатни таъминлашга қаратилган комплекс тизим ишлаб чиқилади. 50 дан ортиқ навлар маҳаллийлаштирилиб, картошкачилик генофонди яхшиланади.

Инновицион усуллар самарасида 2021-2023 йилларда ҳосилдорликни 30-50 фоизгача ошириш мўлжалланган. 2024 йилга бориб, 21 минг тонна уруғлик картошка етиштириш, бу борадаги импорт ўрнини тўлиқ қоплаш мақсад қилинган.

Шавкат Мирзиёев ва Виктор Орбан бу ерда яратилган шароитлар билан танишди.

Илмий марказда “in vitro”, ўсимликлар патологияси, картошкани сақлаш физиологияси, сифат назорати бўйича лабораториялар ташкил этилган. Намуналар тайёрлаш, етиштириш ва сақлаш хоналари замонавий жиҳозланган. Марказ фаолиятини йўлга қўйиш учун Венгриядан 4 нафар илмий ходим келган.

Давлат раҳбари мутахассис ва мутасаддилар билан мулоқот қилди. Кадрлар тайёрлашни кенгайтириш, деҳқон ва фермерларни бу ерда ўқитиб, соҳадаги ютуқларни барча ҳудудларга етказиш зарурлигини таъкидлади.

Меҳмонлар фермерлар учун ташкил этилган агрохизматлар маркази, мамлакат қишлоқ хўжалигида қўлланилаётган техника ва технологияларни ҳам кўздан кечирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Венгрия

Баҳолаганлар

265

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг