Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида 16 та ҳужжат имзоланди
Жамият
−
05 Октябрь 2022
8069Кеча, 4 октябрь куни Будапешт шаҳрида Ўзбекистон ва Венгрия делегациялари ўртасида ўтган олий даражадаги музокаралардан сўнг икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Виктор Орбан Ўзбекистон Республикаси ва Венгрия ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш тўғрисида қўшма баёнот имзолади.
Ҳужжатда музокаралар дўстона, очиқ ва конструктив руҳда ўтгани қайд этилган, ҳар томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаоллаштириш кўзда тутилган, дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлгани таъкидланган.
Бундан ташқари, икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида Ўзбекистон-Венгрия стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришга қаратилган 15 та ҳужжат имзоланди. Булар:
• 2023-2024 йилларда саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича қўшма дастур;
• Фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳаракатлар режаси;
• Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ҳаракатлар режаси;
• Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
• Фанни ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим.
Шунингдек, божхона, адлия, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, боғдорчилик ва иссиқхона хўжалиги, узумчилик, инвестиция соҳаларида, Ўзбекистон Республикаси давлат бошқаруви академияси ва Венгрия Давлат хизмати университети, Самарқанд вилояти ва Хайду-Бихар округи, Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази ва Ташқи ишлар ва савдо институти, Тошкент давлат аграр университети ва Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Венгрияга икки кунлик расмий ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.