Кўксаройда Венгрия Бош вазирини кутиб олиш маросими бўлиб ўтди
Жамият
−
30 Март 2021
6917Аввал хабар берганимиздек, кеча, 29 март куни Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Ўзбекистон-Венгрия олий даражадаги музокараларида қатнашиш учун Тошкентга келди. Бугун, 30 март куни Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида Венгрия Бош вазири Виктор Орбанни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Маросим аввалида икки мамлакатнинг давлат мадҳиялари янгради.
Шундан сўнг, Президентлар бир-бирларига делегациялар аъзолари, вазирларни таништирдилар.
Ташриф давомида Шавкат Мирзиёев ва Виктор Орбаннинг учрашуви бўлиб ўтади.
Музокараларда икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади. Музокаралардан кутилаётган асосий натижалардан бири – Ўзбекистон билан Венгрия муносабатлари сифат жиҳатидан янги бўлган стратегик даражага чиқишидир.
Ташриф якунлари бўйича делегациялар раҳбарлари Стратегик шериклик тўғрисидаги Қўшма декларацияни имзолаши кутилмоқда. Шунингдек, иқтисодиёт, энергетика, таълим, маданият, минтақалараро ҳамкорлик ва бандликка оид 10 га яқин ҳужжат қабул қилинади.