Венесуэлада қурбонлар 2,5 мингдан ошди

Олам

image

Венесуэлада 24 июнь куни содир бўлган кучли зилзилалар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 2 500 дан ошди. Айни пайтда минглаб одамларнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда. Бу ҳақда “Euronews” хабар қилди.

Мамлакат президенти вазифасини бажарувчи Делси Родригес ҳукуматнинг табиий офатга қарши кўрган чоралари юзасидан билдирилаётган танқидларга муносабат билдириб, қутқарув ишлари суст олиб борилгани ҳақидаги айбловларни рад этган.

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат барча зарур куч ва воситаларни зилзиладан сўнг дарҳол сафарбар қилган.

“Биз бир ёки икки кун кутганимиз йўқ. Қутқарув ишлари зудлик билан бошланди”, дейди Родригес.

Венесуэлада магнитудаси 7,2 ва 7,5 бўлган кетма-кет иккита зилзила содир бўлганди. Табиий офат, айниқса, Ла Гуайра штатида катта талафот келтирган. Дастлабки маълумотларга кўра, қарийб 200 та бино вайрон бўлган, бироқ сунъий йўлдош тасвирлари зарар кўлами бундан ҳам кенгроқ бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, қурбонлар сони аввал 2 295 нафар этиб эълон қилинган бўлса, қутқарув гуруҳлари кейинчалик бу кўрсаткич 2 600 нафарга яқинлашганини билдирган. Шу билан бирга, мухолифат манбалари 38 мингдан ортиқ одам бедарак йўқолгани ҳақида хабар бермоқда.

Қидирув-қутқарув ишлари тўққизинчи кунига келиб якунланиш арафасида. 27 давлатдан келган мутахассислар вайроналар остида омон қолганларни излашда иштирок этган. Бироқ қидирув итлари ва махсус ускуналар ёрдамида ўтказилган сўнгги текширувларда тириклик аломатлари аниқланмагач, асосий эътибор ҳалок бўлганларнинг жасадларини топишга қаратилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, қурбонлар сонининг кўплиги сабабли суд-тиббиёт хизматлари ва ўликхоналар имкониятлари етишмаяпти. Айрим ҳудудларда жасадлар вақтинчалик музлаткичли контейнерларда сақланмоқда. Экспертлар барча жасадларни аниқлаш ва йиғиб олиш бир неча ой давом этиши мумкинлигини билдирган.

Шунингдек, дафн маросимлари харажатларининг юқорилиги ҳам табиий офатдан жабрланган оилалар учун қўшимча муаммоларни юзага келтирмоқда. Ҳукумат ва маҳаллий ҳокимиятлар уларга ёрдам кўрсатиш чораларини кўраётганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венесуэланинг Ла Гуайра шаҳрида кучли зилзилалардан саккиз кун ўтиб, қутқарувчилар вайроналар остидан тирик қолган бир эркакни тирик олиб чиққанди.

Мумтозбегим Абдумўминова


Мақола муаллифи

avatar

.

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг