ССВ остонасида “ўлимини” кутаётганларни ким эшитади?
Таҳлил
−
31 Май
10456Бу видеони Бош вазир Абдулла Арипов, Соғлиқни сақлаш вазири, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Олий Мажлис Сенати Раиси, сенаторлар-у, депутатлар кўришлари шарт!
Беш кун ким учундир оддий иш ҳафтаси бўлса, кимлардир бу беш кун ичида ҳаётда қолиш учун курашади. Ўзбекистондаги 3 мингдан ортиқ бемор беш кун ичида белгиланган дори воситаларини қабул қилмаса, ўлиб қолиши мумкин. Бу дори билан беморларни давлат таъминлаши керак, лекин мана бир неча ойлар бўлдики, дорилар беморларга етказиб берилмаяпти. Беморлар эса давлат бюджетидан алоҳида пул ажратилгани, тегишли идора ва вазирлик бу бўйича вазифани ўз бўйнига олганига қарамай, ўз чўнтагидан дори-дармон сотиб олмоқда.
Гап шундаки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 1 мартдаги “Давлат тиббиёт ташкилотлари ҳамда республика аҳолисини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, жигар ва буйрак трансплантацияси амалиётини ўтказган беморлар иммуносупрессив дори воситалари билан таъминланади.
Бугунги кунда Республика бўйича умумий беморлар сони 3028 нафар, бундан 2022 нафари буйрак, 1006 нафари жигар трансплантацияси амалиётини ўтказган. Жигар ва буйрак кўчириб ўтказган беморларга беш хил турдаги иммуносупрессив дори воситалари берилади.
Улар:
- Takrolimus (Prograf, Adpord);
- Mikofenolat mofetil (Cellcept);
- Mikofenolat kislota (Myfortic);
- Siklosparin (Sandimun Neoral);
- Baziliksimab (Simulekt).
Иммуносупрессив дори воситалари Аутоиммун касалликларни даволаш учун фойдаланилади. Такролимус, сиклоспорин, микофенолат мофетил, микофенол кислотаси ва преднизалон каби дори воситалари Иммуносупрессив дори воситалари турига киради.
Бу дорилар асосан гематологик, радиация терапияси, суяк илиги трансплантацияси, аутоиммун касалликлар, жигар ва буйрак трансплантация амалиётини ўтказган беморларга берилади.
Дори воситаларининг вақтида беморларга берилишига Соғлиқни сақлаш вазирлиги жавобгар. Ҳар йили давлат бюджетидан турли соҳаларга ажратилгани каби соғлиқни сақлаш соҳасига ҳам пул тақсимланган. Масалан, 2020 йилда 5,7 трлн, 2021 йилда 4,4 трлн, 2022 йилда 5,4 трлн, 2023 йилда 5,5 трлн ва 2024 йилда 4,6 трлн сўм.
Биргина 2024 йилда давлат бюджетидан буйрак ва жигар трансплантацияси бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилган беморларни дори воситалари билан таъминлаш учун 25,4 млрд сўм маблағ ажратилган.
“Мен буйрак кўчириб ўтказиш операциясини амалга оширганман. Операциядан кейин умримнинг охиригача истеъмол қилишим керак бўлган “Prograf ”, “Myfortic” каби дорилар мавжуд. Операция бўлганимга 1 йилдан ошди. Шунча вақтдан буён бор-йўғи 4 ой давомида дори беришди. Ундан кейин эса ўзимиз қарзга дори сотиб оляпмиз.
Дориларни топиш қийин ва қиммат. Дори сотиб олишдан ташқари ҳар бир, бир ярим ойда анализ топшириш учун водийдан Тошкентга келамиз. Анализ топшириш ҳам жуда қиммат. “Myfortic” дорисини топиш жуда катта муаммо бўляпти. Нафақат менда, балки қолган беморларда ҳам шу муаммо”, дейди бемор Олим Норматов.
Энди дориларнинг беморларгача етиб бориши масаласига тўхталсак. Биздаги маълумотларга кўра, беморларнинг рўйхати йил охирида шакллантирилиб, уларнинг кунлик эҳтиёжларидан келиб чиқиб бир йил учун дори воситалари сони ҳисобланади. Вазирлик бу рўйхатни дориларни сотиб олишга масъул бўлган “O‘zmedimpeks” давлат муассасасига беради. Ташкилот тендер ўтказиб, дориларни олиб келади.
Тендерда юқорида санаб ўтганимиз дорилар билан таркиби бир хил, номи ҳар хил бўлган дориси билан Хитой, Ҳиндистон, Корея каби мамлакатларнинг компаниялари ҳам иштирок этади. Аммо яна ўша гап. Беморларга тендер вақтининг чўзилиши ёки бошқа сабаблар муҳим эмас. Уларга дори керак!
Шахси сир сақланишини сўраган мутахассиснинг айтишича, рўйхатдаги айрим дориларнинг ўрнини босадиганлари ҳозир ҳам ССВда бор. Лекин беморлар шифокорлари томонидан ёзиб берилганларини сўрашмоқда.
Бизга маълум муаммоларни ҳал қилмасликка ичкаридаги қайсидир бошқа бир муаммо тўсиқ бўлаётган бўлиши мумкин, албатта. Лекин беморларга дори керак.
Қолаверса, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунда белгиланган тартибга кўра, ССВ дориларни тендерсиз, тўғридан тўғри шартнома тузиш орқали сотиб олиши мумкин.
“Фавқулодда ҳолатларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг эҳтиёжларини таъминлаш учун зарур бўлган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат хариди тўғридан тўғри амалга оширилади”, дейилади қонунда.
Намангандан дориларни беришларини сўраб келган 10 дан ошиқ беморлар Соғлиқни сақлаш вазири қабулига кира олмади. Сабаб эса вазирнинг хизмат сафарида экани.
“Мен 2019 йилда операция бўлганман, бу йил 6 йил бўлади. 5 йилдан бери узилишлар бўлиб келади. Шу йил ичида вазирлар алмашди, 3-4 марта йиғилиб талаб қилган пайтларимиз бўлган. Доим дорилар тўлиқ берилмайди. Дори сўрасак, “йўлда”, “божхонада” ёки “шартнома тузадиган фирма топа олмаяпмиз” деган гапларни айтишади. Тўполонлар кўпайиб кетса, 3 ойга етадиган дори олиб келади, аммо бу узоққа етмайди. Шартномани янгилашни ва бошқа йўлларни қидириш керак.
Агар дори 2-3 кун ичида ичилмаса, салбий таъсир кўрсатади. Танишларим борлиги учун дориларни алмаштириб ичяпман. “Панграф” ҳозирда Ўзбекистонда мавжуд эмас. “Myfortic”. Шифокорлар бу дорининг ўрнига “Cellcept” ичишимизни тавсия қиляпти. Лекин бошқа дорига организм ўрганиши керак, бу эса ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин”, дейди бемор Дониёр Эргашов.
ССВ Фармацевтика соҳасини тартибга солиш ва дори воситалари эҳтиёжларини аниқлаш бўлими ходими Сардор Раҳмоновнинг маълум қилишича, дориларни олиб келиш учун пул ажратилган. Ҳар йили дорилар бир йил эмас, балки 15 ой учун сотиб олинади.
Вазирлик вакилининг қўшимча қилишича, беморлар айтган дориларнинг ҳаммага етмай қолишига касалларнинг сони ортгани сабаб бўлган. Аниқроқ айтганда, беморларнинг Ўзбекистонда эмас, балки бошқа мамлакатларда операция бўлгани.
Беморларга эса пул ажратилгани, компания билан музокаралар олиб борилаётгани ёки дориларнинг етиб келишидаги муаммолар эмас, балки уларнинг қачон берилиши муҳим. Афсуски, бу саволга аниқ жавоб йўқ.
Беморлар билан суҳбатда бўлганимизда уларнинг барчаси вазирликдан улар операция бўлган вақтида шифокорлари томонидан ёзиб берилган дориларни олиб келишни сўраётганларини айтишди. Вазирлик эса тўғридан тўғри улар айтган дорини олиб келолмайди. Сабаби, юқорида айтганимиз тендер. Тендерда компаниялар дори номи билан қатнашмайди. Бунинг оқибатида бошқа компания ва дори тендерда қатнашса ва ютса улар ишлаб чиқарган дори олиб келинади. Лекин беморлар у дориларни ичишни истамайди. Хўш, нима учун беморлар ва шифокорлар юқорида номини санаганимиз дориларни сўраяпти.
“Шифокор сифатида бир нарсани аниқ айтишим мумкин –Takrolimus (Prograf, Adpord),Mikofenolat mofetil (Cellcept),Mikofenolat kislota (Myfortic), дорилари жигар ва буйрак кўчириб ўтказган беморлар учун нафақат Ўзбекистон балки бошқа мамлакатларда ҳам тавсия этиладиган дорилардан ҳисобланади. Шунингдек, “Озиқ-овқат ва фармацевтика идораси” ва “Европа дорилар агентлиги” сертификатига ҳам эга. Бу амалиётни бошдан ўтказганлар ичадиган энг ишончли ва оригинал дорилар турига киради. Мен бошқа дориларни ёмонламоқчи эмасман. Албатта, беморлар бошқа мамлакат ва компаниялар ишлаб чиқарган дориларни ҳам ичиб кўрган ва ножўя таъсир кўрсатган ҳолатлар ҳам кузатилган. Кимнидир ичи кетиб қолади, кимгадир аллергия тошади. Шунинг учун ҳам беморлар ССВ дан ўзларига операциядан кейин биринчи ёзилган дориларни талаб қилишади”, дейди шифокорлардан бири.
Унинг қўшимча қилишича, ҳар бир бемор бир дорини йиллар давомида истеъмол қилиб бошқасига ўтадиган бўлса, бу албатта шифокор назоратида амалга оширилиши шарт ва бу бошқа харажатларни ҳам келтириб чиқаради.
Мисол учун, давлат юқоридаги дорилар ўрнига тендерда ютган таркиби бир, номи бошқа ва арзонроқ дорини сотиб олса, беморлар у дориларни шунчаки қабул қила олмайди. Бир бемор операция бўлганидан буён ичаётган дорисини бошқа дорига ўз-ўзидан ўзгартира олмайди. Бу учун бир эмас бир нечта анализ топширилишига тўғри келади. Битта анализни 1 млн деб оладиган бўлсак, камида 4 хил анализ топширилса, умумий сумма 4 млн бўлади. Бу бошқа дорини олиб келган вазирлик томонидан тўлаб берилиши ва беморлар бир неча кун назоратда ушланиши лозим. Юқорида айтилганидек, дориларни алмаштириш беморга ёмон таъсир қилиши ҳам мумкин.
“Ўзбекистондаги беморларга тегишли дориларни олиб келиш учун бюджетдан маблағ ажратилади. Албатта, вазирлик дорини вақтида олиб келишга уринади. Вазирлик ҳеч нарсани ўзидан-ўзи сотиб ололмайди. Рўйхат қилиш, тендер ўтказиш, хат-ҳужжат масалалари бўлиб вақт чўзилиши аниқ.
Балки давлат тендер ўтказиб, таркиби бир хил ва арзонроқ дори олиб келишни истар, аммо беморлар вақт ютқазади. Бундан ташқари доимий доридан бошқасига ўтиш учун юқорида айтганимдек талаблар бор. Ҳар бир беморнинг анализига пул тўлаб, уларни кунлаб шифохонада қолиши ва назоратига пул кетказгандан кўра, доимий ва ишончли дориларни олиб келиш арзонроқ тушади аслида”, дейди яна бир шифокор.
QALAMPIR.UZ билан суҳбатда бўлган шифокорларнинг айтишича, улар бир неча маротаба вазирликка хат билан мурожаат қилиб, нафақат Ўзбекистон, балки бошқа мамлакатдаги ҳамкасблари ҳам айнан шу вақтгача олиб келинган дориларни беморларга тавсия қилганлари ва турли тендер ёки хат ҳужжатларсиз тўғридан тўғри шу дориларни олиб келишни сўрашган. Бу илтимослар ортидан вазирлик “катталари”дан “дори ишлаб чиқарувчи компаниядан конверт олмаганмисизлар?” деган саволни ҳам эшитиб олишган.
“Шифокор биринчи навбатда беморни ўйлайди. Агар биз аниқ номини айтиб “вазирлик шу дориларни олиб келсин” деяётган бўлсак, бу – коррупция дегани эмас. Беморларга сув ва ҳаводек керак бўлган аниқ дори номини айтяпмиз. Уни тўғридан тўғри ишлаб чиқарувчидан сотиб олиш ёки бошқа жараёнлар нафақат беморларга дорилар ўз вақтида келишини таъминлайди, балки, вазирликнинг ишини ҳам енгиллатади.
Агар кўп шифокорлар дориларни аниқ номи билан айтаётгани учун шубҳаланишса, нафақат ички ишлар ёки прокуратура, балки ундан юқоридагилар ҳам текширсин. Бу шифокорларга муаммо эмас. Биз кимдандир “конверт” олмаганмиз. Аксинча, беморларга уларда бош-бошидан берилган дориларни тезроқ олиб келиниши тарафдоримиз холос. Яна айтаман, айнан шу дорилар олиб келинишини нафақат Ўзбекистон, балки бошқа мамлакат трансплантолог шифокорлари ҳам сўрашади”, дейди шифокор.
Журналистик суриштирувни тайёрлаш жараёнида нафақат бемор ёки шифокорлар, балки ССВ вакиллари билан ҳам гаплашдик. Шахсини сир сақлашни маъқул кўрган ходимга кўра, нафақат дори, балки бошқа керакли нарсаларни сотиб олиш учун ҳам тендер ўтказилиши шарт демоқда.
Дориларни маълум бир сабаб билан кечикиб келишини ҳам қўйинг. Кечикса ҳам келсин, дейсизу. Яна бир масала бор. QALAMPIR.UZ билан суҳбатда бўлган мутахассислардан бирининг иддао қилишича, беморларнинг бир йиллик эҳтиёжи учун керакли дорилар сони аниқ айтилишига қарамай, буюртма бериш аввалидан ёзилган рақамларни ўзгартириш ҳолатлари ҳам кузатилган экан. Мисол учун, бир дори туридан “1000 қадоқ ёзилган бўлса, 500, 500 ни 300 га туширинглар” дейиш ҳолатлари ҳам бор эмиш.
Бошқа бир мутахассис эса аксинча ажратилган пулдан ташқари айнан буйрак ва жигар трансплантация амалиётини ўтказган беморларни дори воситалари билан таъминлаш учун ажратилган пул дориларга етмагани боис қўшимча маблағ берилганини айтмоқда. Энди ҳар икки маълумотдан қай бири ростлиги бизга қоронғи. Текширишни вазирликка қолдирамиз.
Муаммонинг яна бир томони бор. Буни қарангки, вазирлик ойлаб олиб келолмаётган дориларни Тошкент шаҳри ёки вилоят марказларидаги дорихоналардан топиш мумкин. Аммо жуда қиммат. Устига-устак, беморларга вазирлик томонидан берилган, коробкасини устига қизил “печат” билан “сотиш мумкин эмас” деб ёзилган Prograf дорисини дорихоналарда сотишмоқда.
Келинг, биринчи дориларнинг нархи билан танишиб олсак. Ундан кейин бу масалага қайтамиз.
- Симулект дорисини 5 800 000 дан 7 000 000 гача;
- Siklosparin дорисини 395 000 дан 700 000 гача;
- Кўп беморлар истеъмол қиладиган ва бугунги кунда бир неча ойдан буён беморларга берилмаётган Myfortic дорисини 1 200 000 дан топиш мумкин;
- Prograf дори воситаси 182 900 дан 940 000 мингача;
- Cellcept дориси эса 229 500 дан 715 000 мингача Тошкент шаҳридаги дорихоналарда сотилмоқда.
Бугун беморларга берилишида муаммо бўлаётган асосий дорилардан бири Myfortic Тошкент шаҳридаги учта дорихонада бор. Улардан 2 тасининг қадоғи русча ёзилган ва ҳақиқатдан ҳам Швейцарияда ишлаб чиқарилган. 1 таси эса базада Швейцария деб ёзилганига қарамай, Туркия учун ишлаб чиқарилган ва қадоғи турк тилида ёзилган дори. Беморларга деярли 4 ойдан буён берилмаётган дорини бугун дорихоналардан ҳам топиш мушкул, борлари ҳам жуда қиммат. Дорихона ходимларига “нима бу дорининг қадоғида туркча ёзилган?” деб савол берганимизда шундай жавоб беришди.
Иммуносупрессив дори воситаларига кирадиган Prograf дорисини Тошкент шаҳридаги 80 дан ортиқ дорихоналардан топасиз. Дорилар базасида бу дори воситаси қайси дорихонада борлиги ва қаерда ишлаб чиқарилгани ҳақидаги маълумот бор. Prograf Нидерландияда ишлаб чиқарилган деб ёзилган.
Вазирлик беморлар учун олиб кирадиган ҳар бир иммуносупрессив дори воситаларининг қадоғига дорилар бепул берилиши ва сотиш мумкин эмаслиги ҳақидаги қизил муҳрни босади ва бу дорилар дорихоналарда сотилиши мумкин эмас.
Буни қарангки, айнан Prograf дориси таҳририят борган бир нечта дорихоналарда айнан вазирлик урган “печат” билан сотиляпти. Мисол тариқасида биргина Prograf дори воситасини айтамиз. Prograf дориси шаҳардаги 80 дан ортиқ дорихоналарда бор. Иловага қарасангиз дорини Нидерландияда ишлаб чиқарилгани ёзилади. Айтганимиз 80 та дорихонадан деярли 40 га яқини билан гаплашдик. Уларнинг кўпидаги Prograf дориси юқорида айтганимиздек, Туркиядан қўлда олиб келинган дорилар. “Бизда оригинал дори”, деганлардан эса дорини расмга олиб юборишларини сўрадик. Афсуски, уларнинг ҳаммасининг қадоғидан вазирлик қўйган муҳр ўчирилган.
Ҳа, кўрганингиздек, вазирлик сотиш мумкин эмас, деган дориси дорихоналарда сотиляпти. Фармацевтларнинг айтишича, қайсидир дорилар кечиккан вақтда вазирлик беморларга ўша дорини ўрнини босадиган бошқасини беради. Фармацевтларга ишонадиган бўлсак, беморлар ўша ўрнига ўрин олган дориларини сотишган ва ўзларига зарурини сотиб олишган. Гапнинг кетини гап очади деганларидек, дорилар вақтида олиб келинмаётгани, дорихоналар шунчаки беморнинг қўлидан ёки йўл-йўлакай Туркиядан олиб келаётган дорилари ҳақиқатдан ҳам қадоқда ёзилган дорими, унинг таркиби бирми, лицензияси борми ва бошқа саволларга жавоб топмай, кўр-кўрона нақд пулга сотиб олганини очиқлаб қўйди. Шундай экан, дорихонадан исталган дори маҳсулотларни харид қилаётганда эҳтиёт бўлинг. Ичини очиб кўриш, яроқлилик муддатини текшириш, керак бўлса лицензия сўраш ёдингиздан кўтарилмасин.
Ўзбекистонга вазирлик томонидан олиб кирилган Prograf дорисининг дорихоналарда сотилаётганидан ҳайратланиб, вазирликнинг яна бир вакилидан яқин орада Prograf дориси беморларга кўп миқдорда берилганми деб сўраганимизда, у айнан Prograf‘ни Ўзбекистонга келишида узилишлар бўлгани ва беморларга жуда кўп миқдорда берилмаганини айтмоқда. Энди ҳисоб-китоб қиламиз, 80 та дорихонадан 40 тасида қизил муҳр босилган доридан 4 коробкадан бўлганда ҳам 160 та бўлади. Бу дориларни беморлар олиб бориб сотиши учун ўзида шу дори бўлиши керак.
Сўзимиз сўнггида бугунги нафақат бу балки бошқа муаммоларнинг ҳам негизини айтмоқчимиз. Муаммо айтилган гапларнинг ҳаммаси қоғозда қолишида. Президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори, фармонлар, йиллаб ишланиб қабул қилинган қонунлар фарқи йўқ. Улар амалда ишламас экан ривожланиш, ўсиш, бўлмайди. Қонунлар ҳар икки томонга ишласа, ёзилганлар фақат қоғозда қолмасагина ўзгариш бўлади. У ҳам бу ҳам эмас, буни қарангки, инсон қадри улуғланган юртда давлат ўз вазифасини бажармагани учун дорини беш кун ичмасам ўлиб қоламан деб ҳадик билан яшаётган юртдошларимиз бор. Юқорида айтганимиз, Ўзбекистонда 5 кун яшаш учун курашаётган фуқаролар борлиги, уларга дорилар вақтида берилмаётганини катта хонада муздек кондиционерни ёқиб ўтирган тепадагилар кўриши керак.
LiveБарчаси