Туғуруқхонадан ўлиги чиққанлар
Таҳлил
−
22 Февраль
9892Ёдингизда бўлса, Соғлиқни сақлаш вазирининг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Элмира Боситхонова 2030 йилга келиб мамлакатда оналар ва гўдаклар ўлимини 2 бараварга камайтиришни ваъда қилганди. У 2023 йил якунлари бўйича берган ҳисоботида Ўзбекистонда оналар ўлими кўрсаткичи 100 минг тирик туғилишга нисбатан 14,1 фоизни ташкил этиб, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 1 фоизга ошганини маълум қилганди.
Оналар ўлими бўйича рақамларнинг 2022 йилга нисбатан ўсиш ҳолатларини ҳудудлар кесимида таҳлил қилган Боситхонова Самарқанд вилоятида оналар ўлимининг 7,3 фоиздан 12,9 фоизга ошганини қўшимча қилганди, ўшанда. Бутун Республика қолиб, нега айнан Самарқанддаги ҳолатни эсладингиз, дерсиз. Бугун Самарқанд вилоятининг бор йўғи бир тумани ва у ердаги репродуктив саломатлик, оналар ва болалар ўлими ҳақида гаплашамиз. Бу эса – Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани.
Гап шундаки, QALAMPIR.UZ'га Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидан мурожаат келиб тушди. Бу гал мурожаатчилар бир эмас, 6 нафар. Кўзидаги ёшини тутолмаган оналарнинг сўзларига кўра, айнан Пастдарғом туман тиббиёт бирлашмасининг туғуруқ бўлимида аёллар ва болалар ўлими жуда кўпайган. Аммо уларнинг дардини эшитадиган қизлари ва ҳали туғилмай мозорга кирган набираларининг ўлими сабабини айта оладиган ва жиноят иши қўзғатадиган мардлар етишмаяпти, бу туманда. Пастдарғомликларга кўра, туман тиббиёт бирлашмасида коррупция урчиган, беморлар ўлими оддий ҳол бўлиб қолган.
Бугун сизга бир эмас беш онаизорнинг дардини етказмоқчимиз. Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида 2023 йилнинг май ойидан, декабрига қадар 6 та аёл, 3 та туғилмаган чақалоқ вафот этган десак, ишонасизми? Бу бизгача етиб келган маълумот холос. Яна қанчадан қанча ўлим ҳолатлари бўлгани бизга қоронғи.
Худойбердиева Муҳайё Хайрулло қизи 1997 йил 1 октябрда туғилган. 2023 йил 23 июль куни Пастдарғом тумани тиббиёт бирлашмаси туғуруқ бўлимида вафот этган.
“Қизимни дарди етилиб турган пайтда палатага олиб кириш ўрнига қабулхонада ушлаб қолишди ва ўша ернинг ўзида бола туғилди. Қизим туғиш пайтида тоби қочиб ҳушидан кетди. Уни кўргани кирганимда аҳволи яхши эди, бироздан кейин қон кетишни бошлади.
Шифокорлардан чора кўришини сўрасам, улар қон берадиган одам сўради. Кўнгиллилар топилди, аммо уларнинг қон гуруҳини аниқлайдиган шифокор топилмади. Қизим 4 соат шу аҳволда ётди. Ана ундан кейин унинг "маткаси"ни олиб ташлаш кераклигини айтишди. Қон кетиши 10:30 ларда бошланган бўлса, 4 соат ҳаракат қилмасдан, кеч қолиб бўлганидан кейин “маткаси"ни олиб ташлаймиз” дейди.Шундан кейин докторлар типирчилаб қизимни реанимацияга кўчирди. Улар айтган ҳамма дорини олиб келдик. Чамамда соат 16:00 лар атрофида қизимнинг вафот этганини билдим. Моргдагилар қизимни ёрмаслиги учун биздан бир миллион сўм миқдорида пул сўради, бердик. Уйга келганда эса барибир қизимни ёришганини кўрдим. Хуллас, ўлим сабабини “қон қуюқлашиб юрагига тиқилиб қолди”, деб ёзиб беришди”, дейди марҳума Муҳайё Худойбердиеванинг онаси Зарифа Абдураҳмонова.
Қамбарова Мафтуна Ғайрат қизи 2000 йилда туғилган. 2023 йил 18 сентябрь куни Пастдарғом тумани тиббиёт бирлашмаси туғуруқ бўлимида вафот этган.
"2023 йил 31 август куни синглимни келинлик уйидагилар ТТБга олиб борган. Тоби қочгани сабабли 2 соат кеч борган. Сабаби, тез тиббий ёрдам машинаси кечикиб келган. Йўлда кетаётган вақтида тутқаноқ бошланган. Биз шифохонага борганимизда аям ва мени таниди, гапирди. Синглимни шаҳарга олиб кетишимни айтганимда ё бола, ё она нобуд бўлади дейишди. Шу сабабли ТТБ нинг ўзида қолдирдик. Қон босимини ҳам ўлчамасдан операция хонасига олиб кириб кетишди. Тезлик билан операция қилишди ва эгизак фарзандлари дунёга келди. Биз жудаям хурсанд бўлдик. Орадан бир соатга яқин вақт ўтди, аммо синглим ҳақида маълумот беришмади. Жаҳл билан синглим ётган хонага кирганимда, аппаратларга улаб қўйишганди.
Кечаси билан ёнида бўлдим. Бир қарасам шифокор сунъий нафас бераётган экан. Шифокорлар балғам йўлини тозалаганини айтишди. Эртаси куни биздан сўрамасдан ҳам ён томондан ўпкасини тешиб шланка тиқиб қўйди. Буни учун эса ўпкасидан ҳаво ололмаганини сабаб қилиб кўрсатишди. Мен бошқа шифокор олиб келганимда, у ТТБдаги шифокорлар нотўғри қилганини айтиб дорилар ёзиб берди. Ўша дориларни қабул қилгандан кейин синглим ўзига келиб, кўзларини очди. Ундан кейин эса қон қуйишди. Қон қуйилишига қарамай нафас олиш учун тешилган томондан қон чакиллаб оқишни бошлади. Бир томондан қон қуяди, бир томондан оқиб кетади. Кунига уч мартадан қон қуйдик. Балонда кислород ташидик. Кислородсиз жуда қийналди.
Иккинчи марта ўпкани операция қилиш жараёнида биздан розилик хати олишди. Икки соатлик операция ўтди. Шундан кейин ҳам тешиб қўйилган жойидан қон кетди. Эртаси куни эрталаб синглимни уйғотишга ҳаракат қилишди. Кўзини очгани билан гапира олмади. Хуллас, бир неча кун кетма-кет қон қуйилди. Хуллас синглим 18 кун шифохонада ётиб охири вафот этди,” дейди марҳуманинг акаси Ҳумоюн Наъматов.
Ҳар бир аёл ҳомиладор бўлганида тумандаги оилавий шифокор томонидан назоратга олинади. Туғуруқхонада вафот этган Мафтуна Қамбарова ва Муҳайё Худойбердиеваларнинг туғуруқдан олдинги ҳолатини билиш мақсадида улар рўйхатда турган Пастдарғом ТТБга қарашли Хончорбоғ оилавий шифокорлик пунктига бордик. Буни қарангки, саволларга жавоб берадиган шифокор, ҳужжатларни кўрсатадиган масъуллар топилмади. Шифокорларга кўра, вафот этган аёлларнинг ўлимида қисман улар ҳам айбланган ва маошларидан жаримага тортилган. Ўзини таништиришни истамаган ҳамширалардан бири шундай дейди:
“Бизнинг пунктда рўйхатда турадиган аёллар фарзандини дунёга келтириш учун ТТБга борганда вафот этган. Калтак бизнинг бошимизда синди. Йўқ жойдан маошимиз қирқилди. Марҳумаларни ҳамма текширувлардан ўтказганимизни айтиб, анкеталарини кўрсатсак ҳам эшитишмади. Айб бизга қўйилди. Нима учун бизни ойлигимиздан кесиб қолишлари ва айбдор қилишлари керак тушунмадик”, дейди ҳамширалардан бири.
Зарнигор Бахтиёрова Ҳамза қизи 2001 йилда туғилган. 2023 йил 22 декабрда Пастдарғом тумани тиббиёт бирлашмаси туғуруқ бўлимида фарзанди билан бирга вафот этган.
"2023 йилнинг 22 декабрь кунида қизим Зарнигорни 38 ҳафталик ҳомиласи билан туғуруқхонага олиб боришган. Навбатчи шифокорнинг лоқайдлиги сабабли соат тўққизларда фарзанди билан вафот этди. Аввалига шифокорлар қизимни қабул қилишдан бош тортган. Соат ўнлар атрофида жонлантириш бўлимига туширилган. Бу пайтда қизим клиник ўлим ҳолатида бўлган. Ўлим сабабини эса аниқ айтишмади. Ҳомиладорлик пайтида қизим ҳеч нарсадан шикоят қилмаган эди. Биринчи фарзандини ҳам табиий йўл билан дунёга келтирган”, дейди марҳуманинг онаси Раъно Раҳмонова.
Зарнигор Бахтиёрова вафот этгани ҳақида унинг оила аъзолари ижтимоий тармоқларда чиқиш қилганидан сўнг, 25 декабрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги муносабат билдирган эди.
"22 декабрь куни тонгги соат 04:00да Пастдарғом туман тиббиёт бирлашмасининг туғуруқ бўлимига олиб борилган аёл қорин қисмида дардсимон оғриқ, кўнгил айниши каби шикоятлар билан боргани. Тезкор тиббий кўриклар оқибатида ҳомиладор аёлда ҳомиланинг 38 ҳафталиги, чалғитувчи, ёлғон туғуруқ белгилари, кам қонликнинг ўрта оғир даражаси аниқланган ва белгиланган стандартлар бўйича кўрсатилган муолажаларга қарамасдан, соат 10:35 да вафот этган”, дейилади вазирлик баёнотида.
Шунингдек, вазирлик марҳумада 2022 йил 18 июль куни ўнг кичик болдир суяги пастки учлигида ўсма аниқлангани учун Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалида жарроҳлик амалиёти ўтказилганини қистириб кетган.
Биз, аёл рўйхатда турган Пастдарғом ТТБга қарашли “Тинчлик” оилавий шифокорлик пунктига бордик. Оилавий шифокор Бахтигул Ҳайдарованинг айтишича, Зарнигор Бахтиёрова ёшлигида ҳеч қандай касалликка чалинмаган. ССВ берган баёнотдаги онкологик касаллик ҳам унинг фарзанд дунёга келтириши ёки ҳомиладор бўлиши учун хавфли эмас.
“Бизда рўйхатда бўлган барчани тиббий дафтарчаси бор. Марҳума Зарнигорнинг болалик давридаги ҳужжатларини ҳам кўрганмиз. У асорат қолдирувчи ҳеч қандай касалликка чалинмаган. Зарнигор 2022 йилда биринчи фарзандини дунёга келтирган. Ҳомиладорлик ва туғуруқ жараёни яхши кечган. 2022 йил 3-11 октябрь кунлари Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалида жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Кейинги ҳомиладорликка онкологдан рухсат олишган. Ташхисга қарайдиган бўлсак бу жиддий онкологик касаллик эмас. Чунки унинг оёғидаги ўсмаси хавфсиз ўсма бўлган. Иккинчи фарзандига ҳомиладор бўлганидан кейин ҳам бизга мурожаат қилиб барча текширувлардан вақтида ўтиб юрган”, дейди оилавий шифокор.
Юқорида айтганимиздек, аёллар ва болаларнинг вафот этиш ҳолатлари нафақат Пастдарғом туман тиббиёт бирлашмасининг туғуруқ бўлимида балки, бирлашманинг Гўзалкент филиалида ҳам бўлган. Туғуруқхонада вафот этган Муниса Шердонованинг опасининг сўзларига кўра, у ерда шифокорлар пулингизга қараб муомала қилишади.
Шердонова Муниса Аблоқуловна 1983 йилда туғилган. 2023 йил 20 ноябрь куни Пастдарғом тумани тиббиёт бирлашмаси Гўзалкент филиалида вафот этган.
“2023 йил 18 ноябрь куни, соат тўққизларда синглимни тўртинчи фарзандини дунёга келтириши учун Гўзалкентдаги туғуруқхонага олиб бордик. У ердаги шифокорларнинг барчаси операцияга кириб кетгани учун кутиб ўтирдик. Соат 15:00 лар атрофида шифокорлар чиқиб синглимни кўрди ва кечқурун 23:00 ларда кўзи ёришини айтишди. Кечқурун туғуруқни тезлаштирадиган укол қилди ва соат 12 лар атрофида бола туғилди.
Шу вақт оралиғида синглимга доялик қилган шифокор Қосимова 500 минг сўм суюнчи сўраб келди. Мен унга 300 минг бера олишимни айтдим, аммо кўнмади. Сўнг майда-майдалаб, умумий 490 минг сўм бердим. Пулни тўлиқ бермаганим учун туғуруқ залида ётган синглим ва чақалоққа қарамай хонасига кириб кетди. Ўзи ҳам, боласи ҳам қолиб кетди. Беш дақиқадан сўнг синглимдан қон кетишни бошлади. Биз эса шифокорга бориб синглимизга қарашини айтиб ялиндик. Шифокор синглимдан қон кетаётганини била туриб унга нисбатан қўпол муомалада бўлди, уриб ташлади. Хонадан синглимнинг бақирган овозлари эшитилди. Бу овозлардан Нуриддин исмли шифокор югуриб келди, Назокат исмли ҳамшира синглимга ёрдам кўрсатганини айтди, аммо қон ҳали тўхтамаганди. Шифокор урганда бирор ери очилиб кетиб қолганми, шифокорлар буни бизга айтишмади. Қон тўхтайвермаганидан тунги соат учда синглимнинг бачадонини олиб ташлаш учун операцияга олиб киришди. Наркоз тарқагандан кейин синглим ўзини яхши ҳис қилишни бошлади, аммо яна аҳволи ёмонлашди. Кейин қон қуйишди. Афсуски, тонгга яқин синглим оламдан ўтди. Бизга нимадан ўлгани ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса демади. Лекин шифокор Қосимова бизга ялиниб, “ҳеч кимга айтманглар, нима десанглар бажараман” деди”, дейди марҳуманинг опаси Нигора Шердонова.
Кейинги мурожаатчи шу вақтгача Соғлиқни сақлаш вазиридан тортиб, Президент Администрациясигача, Танзила Норбоевадан Бош прокуратурагача мурожаат қилган. 19 яшар қизи ва набирасининг ўлим сабабини ҳам билолмай сарсон эканини айтаётган Самия Меҳриддинова, қизи ва фарзандининг ўлимида юқорида тилга олганимиз Пастдарғом туман тиббиёт бирлашмаси Гўзалкент филиали шифокори Гулнора Қосимованинг ишига совуққонлик билан қарагани сабаб бўлганини айтмоқда.
Садинова Мафтуна Элибой Қизи 2004 йилда туғилган. 2023 йил 1 июль куни Пастдарғом тумани тиббиёт бирлашмаси Гўзалкент филиалида фарзанди билан вафот этган.
"2023 йил 1 июль куни соат тахминан 11:30ларда қизимни қайнотаси Самарқанд шаҳридаги хусусий клиникага олиб борган. Қизим керакли кўриклардан ўтган. Уни ва болаларининг соғлиғи яхши эканини айтишган. Уйга қайтишаётган вақтида бирдан тоби қочиб қолган ва соат 13:30 ларда Пастдарғом туман тиббиёт бирлашмаси Гўзалкент филиалига олиб боришган. Буни қарангки, туғуруқхона эшигини ярим соатларча очишмаган. Соат 14.00 ларда қизимни туғуруқхона шифокори Гулнора Қосимова қабул қилган ва тегишли тартибда текширувлар ўтказмасдан дарҳол “кесерва”га олиб кирган.
Мен соат 14:30 ларда шифохонага етиб борганимда қизимда жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун олиб киришганди. Ҳеч ким аниқ жавоб айтмади. Бақир-чақир қилганимиздан кейингина қизим ва набирам вафот этгани айтилди. Қизимни олдига кирганимда ҳали бадани совимаган ҳам эди. Қизим бечора ўз оёғи билан туғуруқхонага бориб, шифокорларнинг айби билан туғилажак фарзанди билан бирга вафот этди. Пастдарғом туман туғуруқхонаси ходими Гулнора Қосимова ва бошқалар ўз касбига нисбатан совуқ муносабатда бўлиши туфайли, касб вазифаларини лозим даражада бажармагани, оқибатда, қизим ва фарзандининг ўлимига сабаб бўлди”, дейди Самия Меҳриддинова.
Меҳриддинованинг айтишича, қизининг вафоти юзасидан 2023 йил 13 июль куни Пастдарғом ТТБда умумий йиғилиш бўлиб ўтган. Йиғилиш баённомасида марҳума олиб келинганидан тортиб уни қабул қилиб олган ва бошқа шифокорлар воқеани баён қилган.
Пастдарғом ТТБ бошлиғи Дилфуза Камолова баённомани тасдиқлаб, 13 июлдан Анестезиолог-реаниматолог Шониёзов, Гўзалкент туғуруқ филиали навбатчи акушер-гинекологи Гулнора Қосимова, акушер-гинеколог Ҳамзаев, Жўрақулов, патронаж дояси Шакарова ва Қурбоновалар вазифасидан протокол асосида озод этилишини айтган.
Бутун бошли шифохона бошлиғи ўтказган йиғилишда шунча шифокор озод этилдими, демак аёлнинг ўлимида ҳақиқатдан ҳам уларнинг айби бор. Агар ундай бўлмаса, бир ходимни шунчаки бўшатиб юбориш меҳнат қонунчилигига ҳам тўғри келмайди ҳар ҳолда.
Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Пастдарғом туман тиббиёт бирлашмасининг Гўзалкент филиалига бордик. Афсуски, у ерда саволларимизга жавоб берадиганлар топилмади. Ўзини танитишни истамаган шифокорларга кўра, марҳуманинг онаси норози бўлган шифокор Гулнора Қосимова ҳозиргача ўз лавозимида ишлаб юрибди.
Ҳар бир шифохонада она ёки бола вафот этгани ҳақидаги маълумотлар биринчи бўлиб унинг яқинларига айтилади. Ўлим содир бўлганидан икки соат ўтиб, вафот этган шахс “морг”га ўтказилади ва Патологик анатомик текширувлардан кейин уйга олиб кетишга рухсат берилади. Бу ишларнинг барчаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғи асосида қилинади. Бундан ташқари, юқоридаги барча жараёнларда ҳолат содир бўлган туманга бириктирилган нозир ҳам қатнашади. Биринчи навбатда, она ёки бола вафот этгани ҳақида маҳалла нозирига хабар берилади. Нима учун вафот этгани ҳақида шифокорлар ИИО ходимларига тушунтириш беради. Бундан ташқари, вафот этган шахснинг оила аъзоларидан ҳам ариза олинади. Хўш, аёлларнинг вафоти юзасидан туғуруқхонага ИИО ходимлари чақирилганми ёки жиноят иши қўзғатилганми?
“Бу воқеалардан сўнг биз ички ишларга мурожаат қилдик. Милиция сўроқ қилишдан нарига ўтмади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам келиб ёзиб кетди. 3 ой бўлди, ҳали ҳамон ҳеч қандай чора кўрилмади”, дейди марҳума Шердонова Мунисанинг опаси Нигора Шердонова.
Бошқа ҳолатлар бўйича ҳам деярли шундай. Аризалар ёздирилган, экспертиза жавоблари кутилаётгани ва иш прокуратурада экани айтилмоқда. Аммо, на 2023 йилнинг май ойидаги, на декабрдаги ҳолатга ҳозиргача аниқ хулоса берилганича йўқ.
Биз мурожаатчиларни эшитдик, ҳолатга аниқлик киритиш, болалар ва аёлларнинг ўлим сабабини билиш мақсадида Пастдарғом туман тиббиёт бирлашмасига бордик. Маъмурият биносига яқинлашарканмиз ходимлардан бири бизни кўрди чоғи, Бош шифокор Дилфуза Камолова хонасига кириб, дераза ва эшикларни ёпиб қўйди.
Масъулларни анча излашга тўғри келди. Охир-оқибат Туғуруқ бўлими раҳбари вазифасини бажарувчи Комила Ғаффорова фақатгина 2023 йилнинг декабрь ойида содир бўлган ҳолат юзасидан маълумот бера олишини айтди.
“Зарнигор Бахтиёрованинг ўлим сабаби ҳақида қўшимча маълумот берилмаганининг асосий сабаби суд-тиббий экспертиза жавоби бир ойда чиқади. Тахминий хулосалар берилган. Зарнигорда ички қон томир ёрилиши оқибатида ички қон кетиш содир бўлган. Тўсатдан аҳволи оғирлашган. Зудлик билан шифокорлар билан маслаҳатлашиб реанимацияга ўтказдик. Биз имкониятларимиздан максимал фойдаландик. Бу ҳолат бўйича бирор нарса яширилгани йўқ. Ички ишлар, прокуратура ва соғлиқни сақлаш бошқармасига вақтида хабар бердик. Суд-тиббий экспертиза ўтказилган якуний хулоса берилганидан сўнг, албатта қўшимча маълумот берилади. Бу ҳолатда кимдир хатога йўл қўйган бўлса албатта жазоланади”, дейди Туғуруқ бўлими раҳбари вазифасини бажарувчи Комила Ғаффорова жавоб бериб.
Ўзбекчилик, уят, андиша, одамлар нима дейди? Биз доим шундай яшаймиз. Гувоҳи бўлганингиздек, фарзандидан айрилган оналарнинг барчаси қизи ва набирасининг ўлим сабабини билишни хоҳлайди, аммо, вафот этган вақтида олинган намуналар кам, “қайта қабрини очиш керак” дейишларидан қўрқишлари турган гап. 18 кун шифохонада ётиб вафот этган Мафтуна Қамбарованинг онаси “Шундоқ ҳам қизим 18 кун азобланди. Қабрини очиб яна қийнашларини истамайман”, деса, бошқа бир аёл “булар атайлаб экспертизани тўлиқ қилмайди, кўмиб бўлгандан кейин қабрни очтирмаслигимизни билишади”, дейди. Бошқа бир она эса бу гапларни гапиргани билан қизи ё набираси тирилиб қолмаслигини билади. Лекин одамлар ҳушёр бўлишлари ва айрим шифокорларнинг инсофга келишидан умидвор.
Юқоридаги ўлим ҳолатлари прокуратура органлари томонидан ўрганилдими, жиноят иши қўзғатилганми деган саволга Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов жавоб берди.
У берган маълумотларга кўра, юқоридаги ҳолатлар юзасидан мутасадди тиббиёт ходимларига нисбатан тегишли интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Бундан ташқари, ушбу ҳолатлар юзасидан прокуратура органлари томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари ўтказилиб, натижаларига кўра жиноят аломатлари мавжуд бўлмаганлиги сабабли жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган. Шунингдек, Бош прокуратура вакили аёллар нима сабабдан вафот этганига ҳам аниқлик киритди. Берилган маълумотга кўра,
Мафтуна Садиновага нормал жойлашган йўлдошнинг вақтидан олдин авж олиб кўчиши оғир даражаси. Агонал ҳолати, қоғоноқ сувларининг эмболияси ташхиси.
Муҳайё Худойбердиевага – муддатдаги туғуруқ эрта чилла даври қоғоноқ суви эмболияси. Анафилактик шок оғир даражаси. Анемия оғир даражаси. Ўткир юрак қон томир етишмовчилиги ташхиси.
Муниса Шердоновага латент фазаси ташхиси қўйилган. Шунингдек, унинг камқонликнинг ўта оғир даражаси каби ҳамроҳ касаллиги борлиги ҳам айтилган.
Зарнигор Бахтиёровага эса анемия ўрта оғир даражаси. Ўпка артерияси тромбоэмболияси ташхиси қўйилган.
Ҳаёт Шамсутдиновга кўра, биз айтган ҳолатлардан биттаси, яъни Мафтуна Қамбарованинг ўлими юзасидан прокуратурада ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас. Аниқроқ айтганда, Қамбарованинг ўлими прокуратура органи томонидан ўрганилмаган.
Ҳолатлар ўрганилган, жиноят иши қўзғатиш учун асосли деб топилмаган, лекин тиббиёт ходимларига нисбатан тегишли интизомий жазо чоралари қўлланилган. У қандай жазо, қайси айблари учун, умуман, шу жазо дейилгани қўлланилганми ё йўқми, бу бизга қоронғи. Ҳар ҳолда оналар фарзандимга яхши қарашмади, деб шифокорларнинг аниқ исмларини айтишди. Аммо у шифокорлар ҳозиргача ўз лавозимларида фаолият олиб боришяпти.
Ҳеч бир муаммо ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Жумладан, туғуруқхонадаги муаммолар ҳам. Шифохонада ходимларнинг камлиги, кадрлар етишмовчилиги билан, туғуруқхонадаги шароит пул ажратилмаслиги ёки кимлардир шу пулни еб юбориши билан, шифокорларнинг одамлар қўлига қараши эса маош камлиги билан боғланади. Умумий қилиб айтганда, буларнинг барчаси соғлиқни сақлаш тизимининг муаммоси. Муаммолар бартараф этилмас, камчиликлар тўлдирилмас экан, “оналик ва болалик, соғлом онадан соғлом бола, ўлимлар сонини камайтирамиз”, деган гаплар қоғозда, гапда қолиб кетаверади. Фарзанди ва набирасининг ўлими сабабини билишга энг кўп ҳаққи бўлган оила аъзоларига маълумот берилмаса, жиноят иши қўзғатилмаса, энг ёмони ОАВда ёритилмагунича оналар ва болалар ўлими ҳақида миқ этилмаса, буни қандай изоҳлаш мумкин? Ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Бош прокуратурадан жавоб кутиб қоламиз. Ишонамизки, Самарқанд вилоятининг Пастдарғом ТТБ ва Гўзалкент филиалида вафот этган аёллар ва болалар ўлимига кўз юмилмайди.
LiveБарчаси