Василий Ломаченконинг навбатдаги рақиби ва жанг манзили аниқ бўлди

Спорт

image

Профессионал бокснинг енгил вазн тоифасида жангларда иштирок этадиган украиналик Василий Ломаченко навбатдаги жангини Америка Қўшма Штатлари вакили Жэмейн Ортисга қарши ўтказади. Бу ҳақда “Тop Rank” промоутерлик компанияси сайтида хабар берилди.

Қайд этилишича, жанг шу йилнинг 29 октябрь куни Нью-Йорк (АҚШ) шаҳри, Madison Square Garden'даги “Hulu” театрида бўлиб ўтади.

34 ёшли Ломаченко 2021 йилнинг 12 декабрида Ричард Коммини ҳакамларнинг якдил қарор билан мағлубиятга учратган эди. Василий ўшандан бери илк марта рингга қайтади.

Ака-ука Виталий ва Владимир Кличколардан кейин Ломаченко ва Александр Усик Украина боксининг устуни бўлиб турибди. Василий енгил вазн тоифасида WBA, IBF ва WBО чемпионлик камарларининг собиқ эгаси ҳисобланади. У 2020 йилнинг 17 октябрида Теофимо Андрес Лопесга қарши мутлоқ чемпионлик жангида иштирок этган ва кўпчилик учун кутилмаганда мағлубиятга учраган. Лопес Ломаченкога қарши реванш жанги ўтказишдан қочди. Бироқ, Теофимо биринчи ҳимоя жангидаёқ Жорж Камбососга имкониятни бой берган ва чемпионлик камарларидан у ҳам айрилган.

Ломаченконинг ҳаваскор боксдаги фаолияти ҳам муваффақиятли бўлган. У Пекин-2008 ва Лондон-2012 олимпиадаларида олтин медални ютган. Василий профессионал боксга ўтгач, мухлислар орасида тезда шуҳрат қозонган. Сабаби унинг техникаси бошқаларникидан доимо ажралиб турган.

Маълумот учун, украиналик жангчи профессионал боксда умумий ҳисобда 18 та жанг ўтказиб, шулардан 16 тасида ғалаба қозонган. Унинг ҳисобида 2 та мағлубият ҳам бор.


Мақола муаллифи

Теглар

Василий Ломаченко

Баҳолаганлар

18

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг