Валюта биржасидаги савдолар вақти узайтирилади

Жамият

image

Ўзбекистонда ички валюта бозорини янада ривожлантириш ва банкларнинг валюта операцияларини амалга ошириш имкониятларини кенгайтириш мақсадида 2026 йил 10 августдан бошлаб валюта биржасидаги савдолар вақти узайтирилади. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.

Янги тартибга кўра, валюта биржасидаги савдолар ҳар иш куни соат 17:00 гача давом этади. Регуляторнинг қайд этишича, бу банкларга кун давомида валюта ликвидлигини самарали бошқариш, мижозларнинг тўловларини ўз вақтида амалга ошириш ҳамда хорижий валютадаги тўловлар узлуксизлигини таъминлаш имконини беради.

Шунингдек, валюта биржасидаги савдолар якунларига кўра 74 та хорижий валютанинг сўмга нисбатан расмий курслари 2026 йил 10 августдан бошлаб ҳар бир банк иш куни соат 17:30 да Марказий банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Расмий валюта курсларидан бухгалтерия ҳисоби, статистика ва бошқа ҳисоботларни юритиш, шунингдек, божхона ҳамда бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблашда амалдаги тартиб асосида фойдаланилади. Расмий валюта курслари унинг веб-сайтидаги “Валюталар курслари архиви” бўлимида мунтазам жойлаштириб борилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдиргани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг