“Вагнер"нинг Россиядаги асосий базаси ёпилади
Олам
−
18 Июль 2023 7362 2 дақиқа
Россиянинг Краснодар ўлкаси Горячий Ключ шаҳри яқинидаги Молькино ҳарбий полигонида жойлашган “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясининг асосий базаси ёпиляпти. Бу ҳақда “Разгрузка Вагнера” Telegram-каналида маълум қилинди.
"Молькинодаги база ўз фаолиятини тўхтатди. “Вагнер” янги жойлашув нуқталарига кўчмоқда”, дейди эълон қилинган видеода бир жангчи.
Видеода базадаги Россия ва “Вагнер” байроқлари олиб ташланганини кўриш мумкин.
Бошқа бир жангчига кўра, база расман шу йилнинг 30 июль куни ёпилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Қуролли Кучлари “Вагнер”дан 2 мингдан ортиқ техника ва қуроллар, шу жумладан, юзлаб танклар, “Град”, “Ураган” ракета тизимлари, “Панцирь” ҳаво мудофаа тизими, ўзиюрар артиллерия мосламалари, зирҳли транспорт воситалари ва бошқаларни қайтариб олганди. Шунингдек, Беларусь оммавий ахборот воситалари мамлакатнинг Могилёв вилоятида “Вагнер” бўлинмалари учун лагер қурилиши бошланганини хабар берганди.
Россия Президенти Владимир Путин эса “Вагнер” юридик жиҳатдан мавжуд эмаслигини айтганди.
Пригожиннинг бир кунлик исёни
Жорий йилнинг 24 июнь куни “Вагнер” жангчилари Ростовдаги Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасини эгаллаб олди. Пригожин Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов “Вагнер”га топширилишини талаб қилиб, Москвага боришини эълон қилди. Бу орада Москвада ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати эса Пригожинга қарши жиноий иш қўзғатди. Кечга бориб Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Россия Федерацияси Президенти билан келишилган ҳолда “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин билан музокара олиб боргани маълум бўлди. Музокаралар якунида Россия ҳудудида қуролли ҳаракатларни тўхтатиш ва кескинликни юмшатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Пригожин ҳам Москвага кетаётган қўшинлари ортга қайтарилганини маълум қилди.
Live
Барчаси